Россия Федерацияси Ички ишлар вазирлигининг Краснодар университети профессор-ўқитувчилари томонидан ИИВ академияси курсантлари учун онлайн машғулотлар ўтказилди.
Дастлабки машғулот “Транспорт воситаларини олиб қочиш жиноятларининг олдини олиш ва фош этиш” мавзуида бўлиб ўтди. Ички ишлар органларининг тезкор-қидирув фаолияти кафедраси доценти Вячеслав Стукалов мазкур турдаги жиноятларнинг криминологик хусусиятлари, уларни фош этишда амалга ошириладиган тезкор-қидирув тадбирлари, транспорт воситаларини олиб қочиш учун Россия қонунчилигида белгилаган жавобгарлик масалалари хусусида маъруза қилди.
Шунингдек, университетнинг Жиноят ҳуқуқи ва криминология кафедраси доценти Руслан Сниткин “ҳуқуқбузарликлар профилактикаси фаолияти” ихтисослик йўналишида таълим олаётган курсантларга машғулот ўтди. Малакали мутахассис “аёллар жиноятчилиги” тушунчаси, хотин-қизлар томонидан содир этилаётган жиноятлар, уларнинг ўзига хос сабаблари, динамикаси, бу турдаги жиноятларнинг олдини олиш омиллари ҳақида ўз мулоҳазалари билан ўртоқлашди.
Онлайн машғулотлар сўнггида икки томон профессор-ўқитувчилари ҳамкорликдаги тажриба алмашинувини янада кенгайтириш юзасидан фикр алмашдилар.
ИИВ академияси Ахборот хизмати