Очиқлик, тезкорлик ва холислик
Рус Ўзб O'z En

Янгиликлар

Ватан ҳимоячилари шарафланди

16 Январь 2022, 06:01

1878

Ички ишлар вазирлиги академиясида мамлакатимиз Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 30 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан байрам тадбири бўлиб ўтди.

Давлат мадҳиямиз ижроси билан бошланган тадбирда таълим муассасаси бошлиғи, полковник Рустам Хатамов йиғилганларни мамлакатимиз тарихидаги шонли сана билан муборакбод этди.

Мустақил Ўзбекистон Қуролли Кучлари истиқлолнинг дастлабки йилларида, минтақамиз ва қўшни республикаларда турли қарама-қаршиликлар юз бераётган ғоят мураккаб шароитда ташкил қилинган эди. Қисқа фурсатда мамлакат суверенитети, сарҳадларимиз дахлсизлиги, халқимизнинг тинч ва осойишта ҳаётини ҳимоя қилишга қодир миллий армия шакллантирилди.

Айниқса сўнгги йилларда муҳтарам Президентимиз, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев томонидан тизимда улкан ислоҳотлар амалга оширилди. Мамлакатимизнинг ҳарбий ва мудофаа салоҳияти юксалтирилиб, Қуролли Кучларнинг жанговар шайлиги, профессионал тайёргарлиги янги сифат босқичига кўтарилди. “Global Firepower Index” рейтингига кўра, Ўзбекистон Қуролли Кучлари ҳозирда жаҳоннинг 140 та мамлакати орасида 54-ўринни, Марказий Осиё давлатлари бўйича эса 1-ўринни эгаллаб турибди.

– Куни кеча давлатимиз раҳбари Ватан ҳимоячилари билим ва фазилатлари билан ёшларга намуна бўлиши кераклигини алоҳида таъкидладилар. Ички ишлар органлари учун замон талабларига мос кадрлар тайёрлашда курсантларнинг касбий билимлари, жанговар-жисмоний тайёргарлиги ҳамда маънавий-ахлоқий фазилатларини юксалтиришга устувор аҳамият қаратилмоқда. Янги Ўзбекистон ёшлари муқаддас қасамёдга содиқ қолиб, билим ва тафаккур, шижоат ва мардликда буюк аждодларимизга муносиб ворис бўлиб камолга етсалар, эл-юртимизнинг тинч ва осойишта ҳаётига ҳеч қандай ёвуз куч раҳна сололмайди. Халқимиз ҳам ана шундай забардаст фарзандлари билан фахрланади, – деди ўқув даргоҳи бошлиғи Р. Хатамов.

Тадбирда ўз ҳаётини эл-юртимиз тинчлиги ва осойишталигини асрашдек шарафли ишга бағишлаган ички ишлар органлари ходимлари ҳамда фахрийларининг машаққатли хизматлари алоҳида эътироф этилди. Таълим маскани бошлиғи давлатимиз раҳбарининг фармонига биноан таъсис этилган “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларига 30 йил” эсдалик нишонини тантанали равишда ўз эгаларига топширди.

Шу куни ички ишлар органларидаги кўп йиллик самарали меҳнатлари, юртимиз тинчлиги ва барқарорлигини мустаҳкамлашга қўшаётган муносиб ҳиссаси, ибратли фаолияти ҳамда ёш авлодни она Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялаш борасидаги алоҳида хизматлари учун бир гуруҳ ходимлар Ички ишлар вазирининг буйруғига кўра “Аъло хизматлари учун”, “Ички ишлар органларидаги бенуқсон хизматлари учун” кўкрак нишонлари, эсдалик қўл соати ва пул мукофотлари билан тақдирланди.

– Соҳадаги меҳнатларимизнинг эътироф этилгани жамоамизга янада куч-ғайрат бағишлайди, – деди “полковник” унвони соҳиби Лазиз Алимов. – Бу эътиборни юксак ишонч, масъулият ва ифтихор рамзи, деб биламан. Янги 2022 йилда таълим муассасамиз нуфузи ва салоҳиятини янада юксалтириш борасида улкан мақсадларни кўзлаганмиз. Барча саъй-ҳаракатларимизни ана шу эзгу мақсадга йўналтириб, давлатимиз раҳбари белгилаб берган устувор вазифаларни шараф билан бажарамиз.

Байрам тадбири таниқли санъат намояндалари ва Академия бадиий ҳаваскорлик жамоаларининг концерт дастури билан давом этди.

ИИВ Академияси Ахборот хизмати

 

 

Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech