Маълумотларга кўра, дунё бўйича ҳар йили 1 миллиарддан ортиқ бола турли хил зўравонликларга дучор бўлмоқда. Шу рақамнинг ўзиёқ, болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш долзарб муаммо эканлигини кўрсатади.
Ички ишлар вазирлиги академиясида Туркия Республикаси ИИВ Хавфсизлик бош бошқармаси Кибержиноятчиликка қарши курашиш бошқармаси билан ҳамкорликда навбатдаги ўқув курси ташкил қилинди. Машғулотларда академия профессор-ўқитувчилари ҳамда ИИВ Жамоат хавфсизлиги департаменти ҳуқуқбузарликлар профилактикаси хизмати ходимлари қатнашди.
Туркиялик тажрибали мутахассислар томонидан болаларга нисбатан содир этилаётган зўравонликлар, уларнинг турлари, хусусан, жинсий зўравонликка қарши курашиш масалалари, бу борада умумэътироф этилган халқаро ҳуқуқий нормалар, айрим давлатларнинг ўзига хос тажрибаси, шунингдек, болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича Туркия ва Ўзбекистон тажрибасининг илғор жиҳатлари, болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш ва кибертаҳдидлардан асрашда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг асосий вазифалари, болаларга нисбатан жинсий зўравонлик жиноятлари бўйича терговга қадар текширув ва суриштирув ишларини олиб бориш каби мавзулар атрофлича ёритилди.
Қисқа муддатли ўқув курслари якунида тингловчиларга сертификат берилди.
ИИВ академияси Ахборот хизмати