ИИВ Академиясида Ўзбекистон халқ ёзувчиси Тоҳир Маликнинг ёрқин хотираси ёдга олинди. Кечада севимли адибнинг фарзандлари, маданият намояндалари, профессор-ўқитувчилар ва курсантлар иштирок этди.
Ўзбекистон халқ артисти Ёдгор Саъдиев адиб ҳақидаги хотираларини сўзлаб берди. Чиндан ҳам, Тоҳир Малик ўзининг баракали ижоди ва ибратга тўла ҳаётини ўсиб келаётган ёш авлод таълим-тарбияси, уларнинг маънавий-ахлоқий камолотига бағишлади. Унинг асарларида одоб-ахлоқ, меҳр-оқибат ва одамийлик фазилатлари тарғиб қилинган. Ёзувчи ижодидаги ғоялар китобхонни жамият иллатларидан огоҳ бўлишга, инсон руҳиятидаги баъзи қусурлардан халос бўлишга чорлайди. Севимли устозимиз умрининг сўнггига қадар она Ватанимиз ва халқимизга садоқат билан хизмат қилди. ИИВ Академиясининг Тилларни ўрганиш кафедрасида курсантларга сабоқ бериш баробарида, ёшларни адабиётга ошно этиш, юртга дахлдорлик ҳисси билан яшаш, халқимизга муҳаббат ва садоқат билан хизмат қилишга ундаб келди.
Ёш авлоднинг касбий ва маънавий-ахлоқий фазилатларини юксалтириш мақсадида ўтказилган тадбир давомида курсантлар ҳам ўз мулоҳазалари билан ўртоқлашдилар.
ИИВ Академияси Ахборот хизмати