Ички ишлар органлари учун юксак касбий билим ва кўникмага эга бошқарув кадрларини тайёрлаш мақсадида жорий ўқув йилидан бошлаб ИИВ Академиясининг магистратураси ташкил қилинган эди.
Ҳозирда таълимнинг мазкур босқичида “ташкилий-тактик бошқарув” ҳамда “ташкилий-стратегик бошқарув” мутахассисликлари бўйича раҳбар ходимлар тайёрланмоқда. Ўқув жараёни модулли тизим асосида, ўқитишнинг самарали ёндашувлари ёрдамида олиб борилмоқда.
21-22 февраль кунлари магистратура тингловчилари учун Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ ва Ангрен туманлари Ички ишлар бошқармаларида малакавий амалиёт ташкил этилди. Машғулот жараёнида ички ишлар органларининг жамоат тартибини сақлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва жиноятчиликка қарши курашиш, хавфсиз туризмни таъминлашда мавжуд куч ва воситаларни мувофиқлаштириш борасида амалга оширилаётган ишлар билан танишилди.
Тингловчилар тизимга жорий қилинган рақамли технологиялар ва дастурий таъминотлар фаолиятини кўздан кечириб, шахсий таркибнинг касбий, жанговар-жисмоний ва маънавий-маърифий салоҳиятини юксалтиришга қаратилган чора-тадбирлар ҳақида етарли кўникмага эга бўлдилар.
ИИВ Академияси Ахборот хизмати