Халқаро терроризмга қарши курашиш жаҳон ҳамжамияти томонидан глобал масала сифатида тан олинган. Мазкур соҳадаги амалий саъй-ҳаракатлар самарадорлигини ошириш мақсадида мамлакатимизда “Терроризмга қарши кураш тўғрисида”ги қонун қабул қилинган.
ИИВ Академиясида “Терроризмга қарши курашишда халқаро ҳамкорлик” мавзуида ўтказилган давра суҳбатида Ички ишлар вазирлиги соҳавий хизматлари, Бош прокуратура, Давлат хавфсизлик хизмати академияси вакиллари, шунингдек таълим муассасаси профессор-ўқитувчилари, магистратура тингловчилари ва курсантлар иштирок этди.
Давра суҳбатида хавфсизлик ва барқарорликка хавф солувчи терроризмга қарши курашишда Ўзбекистон ёндашувларининг халқаро-сиёсий аҳамияти, бу борада халқаро ҳамкорликни кучайтириш омиллари, терроризмни молиялаштиришнинг олдини олиш, бузғунчи ғоялар кириб келишида киберхавфсизликни таъминлаш, терроризмга қарши курашишда идоралараро ва халқаро ҳамкорликни ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек “2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси”даги устувор йўналишлар, жумладан, аҳоли, айниқса ёш авлодда терроризм ва экстремизм мафкурасига қарши қатъий ва барқарор иммунитетни шакллантириш, хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлар билан экстремизм, терроризм ва уларни молиялаштиришга қарши кураш соҳасида ахборот ҳамда тажриба алмашиш каби муҳим масалалар доирасида вазифалар белгилаб олинди.
ИИВ Академияси Ахборот хизмати