Маълумки, Ички ишлар вазирлиги ҳамда Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ўртасида илмий-амалий ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум имзоланган.
Меморандумда кўзда тутилган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Ички ишлар вазирлиги академиясида мазкур университет талабалари учун амалий машғулот ўтказилди. Тадбир университетнинг Амалий филология факультетида таълим олаётган талабаларнинг нутқ материаллари экспертизасини амалга оширишга оид амалий маҳоратларини ошириш мақсадида ташкил этилди.
Дастлаб талаба ёшлар Ички ишлар вазирлиги академияси фаолияти, хусусан, эксперт-криминалистика йўналишида кадрларни тайёрлаш, бу борада ўқув жараёнига татбиқ этилаётган янгиликлар, шунингдек Криминалистик полигонда яратилган имкониятлар билан танишдилар.
Шундан сўнг Криминалистик экспертизалар кафедраси ўқитувчилари томонидан хатшунослик экспертизаси бўйича мастер-класс машғулоти ўтказилди. Матнли ашёвий далилларни тадқиқ қилишда қўлланиладиган илмий-услубий ва ахборот-қидирув тизимлари, хатшунослик экспертизасининг ютуқлари борасида айтилган мулоҳазалар талабаларнинг амалий кўникмаларни бойитишга хизмат қилди.
ИИВ Академияси Ахборот хизмати