ИИВ Академиясининг Сиртқи таълим факультетини муваффақиятли тамомлаган битирувчиларга диплом топшириш маросими бўлиб ўтди. Тадбирда ўқув даргоҳи раҳбари, полковник Рустам Хатамов иштирок этди.
Маълумки, давлатимиз раҳбарининг ПҚ-3216-сон қарори асосида 2018/2019 ўқув йилидан бошлаб Академияда сиртқи таълим шакли жорий қилинган эди. Ички ишлар органлари учун профессионал кадрлар тайёрлаш мақсадида ташкил қилинган факультетда ўқув жараёни икки йўналишда – олий маълумотга эга бўлмаган ходимлар учун тўрт йиллик, олий маълумотга эга бўлган ходимлар учун эса тўлов-контракт асосида уч йиллик дастур асосида йўлга қўйилган.
Жорий ўқув йилида факультетни олий маълумотга эга 82 нафар тингловчи битирди. Тингловчилар илғор педагогик ва интерфаол ёндашувлар асосида таълим олиб, давлат якуний аттестацияси имтиҳонларини муваффақиятли топширдилар.
Битирув тадбирида Академия бошлиғи сўз олиб, сўнгги беш йилда ички ишлар органлари фаолияти тубдан такомиллаштирилгани, соҳага мутлақо янгича механизмлар татбиқ этилгани, изчил ислоҳотлар натижасида тизим ижтимоий йўналтирилган халқчил тузилмага айланиб бораётганини алоҳида таъкидлади.
– Муҳтарам Президентимиз ўз чиқишларида “бундан буён, ички ишлар органлари фаолиятини баҳолашда аҳоли муаммоларини ҳал этиш ва фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш натижадорлиги асосий мезон этиб белгиланади”, деган эдилар. Шу боис, зиммангиздаги улкан бурч ва масъулиятни сидқидилдан англаб, она Ватанимизга, халқимизга садоқат билан хизмат қилишингиз керак. “Барча саъй-ҳаракатлар инсон қадри учун” деган устувор ғоя фаолиятингиз мезони бўлсин, – деди таълим маскани бошлиғи.
Шундан сўнг битирувчиларга “жиноятларнинг олдини олиш ва фош этиш фаолияти” мутахассислиги бўйича “юрист” малакасини берувчи дипломлар тантанали равишда топширилди.
ИИВ Академияси Ахборот хизмати