Ички ишлар вазирлиги академиясида Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф таваллудининг 68 йиллиги муносиб нишонланди.
Ўқув даргоҳининг Маънавият ва маърифат марказида ўтказилган адабиёт кечасида ижод аҳли вакиллари, профессор-ўқитувчилар ва курсантлар иштирок этди. Унда сўз олганлар шоирнинг мазмунли ҳаёти, серқирра ижоди, айниқса бетакрор мисраларида улуғланган олийжаноб туйғулар, инсоний қадриятлар ҳақида тўлқинланиб гапирдилар.
– Миллий адабиётимизда Муҳаммад Юсуфдек шоирнинг яшаб, ижод қилгани барчамизга чексиз ифтихор бағишлайди, – деди ИИВ Академиясининг 2-босқич курсанти Жавоҳир Абдусаломов. – Шоир инсон қалбига йўл топа юксак истеъдод соҳиби эди. У қолдирган бой маънавий мерос ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялашга хизмат қилиб келмоқда.
Юксак иқтидор соҳиби қисқа, аммо ибратли умр кўргани, унинг шеърларида она Ватанимизга чексиз меҳр ва садоқат туйғулари жўш уриб туриши, шу боис, эл севган шоир чинакам маънода “юрт куйчиси” сифатида ном қозонгани таъкидланди. Иқтидорли курсантлар Муҳаммад Юсуф шеърларидан ёд айтишди.
Хотира тадбири пойтахтимиздаги Адиблар хиёбонида давом эттирилди. Тадбир аввалида курсантлар шоир ҳайкали пойига гулчамбар қўйиб, унинг барҳаёт сиймосига эҳтиром кўрсатдилар. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолари Анвар Жабборов, Алишер Боймуродовлар шоир ижодининг халқчил жиҳатларига тўхталиб ўтишди.
Адабий кеча давомида Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтида “Мангу осмон” спектакли ҳам намойиш этилди. Институт талабалари томонидан саҳналаштирилган саҳна асарини томошабинлар улкан мароқ билан томоша қилдилар.
ИИВ Академияси Ахборот хизмати