Очиқлик, тезкорлик ва холислик
Рус Ўзб O'z En

Янгиликлар

СЕКТОР РАҲБАРЛАРИГА СЕРТИФИКАТЛАР ТОПШИРИЛДИ

10 Апрель 2022, 08:04

1375

Мамлакатимизда ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳолининг яшаш шароитларини тубдан яхшилаш, турмуш даражасида сезиларли ижобий ўзгаришларга эришиш бўйича изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Айниқса ҳудудларни секторларга бўлиб ишни ташкил этиш тизимининг жорий этилганлиги халқ билан манзилли мулоқотнинг йўлга қўйилишига замин яратмоқда.

Жорий йилнинг 4–8 апрель кунлари лавозимга янги тайинланган туман (шаҳар) прокуратура, ички ишлар ва солиқ органлари раҳбарларини секторлар фаолияти юзасидан бошланғич ўқитиш бўйича семинар-тренинг машғулотларининг биринчи босқичи ташкил этилди.

Дастурга кўра, қисқа муддатли ўқув йиғинининг икки куни Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида, уч куни Ички ишлар вазирлиги академияси ўқув базасида бўлиб ўтди. Машғулотларга Давлат бошқаруви академияси, ИИВ Академияси, Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги, Бош прокуратура академиясидан тажрибали мутахассислар, шунингдек малакали профессор-ўқитувчилар жалб қилинди.

Тингловчилар Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси ҳамда Жамоат хавфсизлиги концепциясини жамият ҳаётига татбиқ этиш, ҳудудларда секторлар фаолиятини самарали ташкил қилиш, масъул раҳбарларнинг бошқарув қарорларини қабул қилиш ва фаолият самарадорлигини баҳолаш, аҳоли билан манзилли ишлаш натижадорлигини ошириш, “Обод ва хавфсиз маҳалла” тамойили асосида ҳудудларни комплекс ривожлантириш ва криминоген вазиятни барқарорлаштириш, маҳаллалардаги маънавий-маърифий муҳитни соғломлаштириш, айниқса ҳуқуқбузарликлар профилактикасини оқилона ташкил этиш каби долзарб йўналишлар бўйича зарур билим ҳамда тавсияларга эга бўлдилар. Шунингдек пойтахтимизнинг Олмазор, Сергели, Янгиҳаёт туманларидаги энг намунали секторлар фаолияти тажриба тариқасида ўрганилиб, амалий кўникмалар мустаҳкамланди. Ўқув йиғини якуни бўйича тингловчилардан тест синовлари қабул қилинди.

Семинар-тренинг иштирокчиларига сертификат топшириш маросимида ИИВ Академияси бошлиғи Рустам Хатамов сўз олди.

– Мазкур ўқув йиғини секторлар фаолиятини мувофиқлаштириш ва самарадорлигини янада ошириш, сектор раҳбарларининг аҳоли муаммоларини ўрганиш ва уларни бартараф этишда бошқарув қарорларини қабул қилиш, иш вақтини самарали тақсимлаш, мавжуд ресурслардан унумли фойдаланиш борасидаги касбий кўникмаларини мустаҳкамлаш орқали ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш мақсадида ташкил этилмоқда. Зеро, барча ислоҳотлар инсон қадрини улуғлашга, халқимизнинг фаровон ҳаётини таъминлашга йўналтирилган, – деди таълим маскани раҳбари.

Тадбир сўнггида ўқув йиғинини муваффақиятли тамомлаган сектор раҳбарларига махсус сертификатлар топширилди.

ИИВ Академияси Ахборот хизмати

 

 

 

Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech