27-28 декабрь кунлари Сирдарё вилояти Ички ишлар бошқармасида профилактика инспекторлари учун “Сайёр академия” семинар-тренинг машғулотлари ташкил этилди. Машғулотлар ИИВ Академияси профессор-ўқитувчилари томонидан онлайн ва оффлайн форматда ўтказилди.
Ўқув дастурига кўра, “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси фаолиятини ташкил этиш билан боғлиқ ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти”, “Маҳаллаларда ижтимоий профилактика субъектлари фаолиятини самарали ташкил этиш”, “Ҳудуддаги криминоген вазияти оғир (“қизил” тоифадаги) маҳалла мисолида ижтимоий профилактика чора-тадбирларини самарали ташкил этиш амалиёти”, “Профилактика инспекторлари ваколати доирасида кўриб чиқиладиган маъмурий ҳуқуқбузарликлар бўйича процессуал ҳужжатларни расмийлаштириш тартиби” ва бошқа долзарб мавзулар батафсил тушунтириб ўтилди.
Бундан ташқари, криминоген вазияти мураккаб маҳаллалар мисолида ишлаб чиқилган ҳудуд методикалари, жиноятликни жиловлашга қаратилган долзарб таклиф ҳамда тавсиялар тақдимот қилинди. Интерфаол машғулотлар давомида соҳа вакиллари келгуси фаолиятлари учун зарур бўлган билим ҳамда кўнималарга эга бўлдилар.
ИИВ Академияси Ахборот хизмати