29-31 март кунлари ИИВ академик лицейлари ўқувчилари ўртасида ҳуқуқшунослик фани бўйича идоравий фан олимпиадасининг республика босқичи ўтказилди.
Билимлар баҳсида олимпиаданинг биринчи босқичида ғолибликни қўлга киртиган ҳудудий академик лицейлар ҳамда Нукус “Темурбеклар мактаби” ҳарбий-академик лицейининг бир нафардан ўқувчи ёшлари иштирок этди.
Иштирокчилар икки тур бўйича, яъни ёзма иш ва тест синовлари орқали ўз билим салоҳиятларини намоён этдилар. Умумий натижага кўра, биринчи ўрин Тошкент вилояти академик лицейи ўқувчиси Зебо Илҳомовага, иккинчи ўрин Хоразм вилояти академик лицейи ўқувчиси Оғабек Нишановга ҳамда фахрли учинчи ўрин Сирдарё вилояти академик лицейи ўқувчиси Отабек Абдуқундузовга насиб қилди. Ғолиб ва совриндорларга диплом, бадиий адабиётлар жамланмаси ҳамда қимматбаҳо совғалар тантанали равишда топширилди. Шу куни бир гуруҳ фаол ўқувчилар Академия бошлиғининг фахрий ёрлиғи билан тақдирланди.
Фан олимпиадасининг якуний босқичи доирасида қизиқарли учрашувлар ҳам ташкил қилинди. Ёшлар таълим маскани бўйлаб саёҳат қилиб, замонавий шарт-шароитлар билан танишиш имконига эга бўлишди. Маънавият ва маърифат марказида бадиий ҳаваскорлик жамоалари томонидан тайёрланган концерт дастури намойиш қилинди.
Таъкидлаш керакки, давлатимиз раҳбарининг қарорига биноан, ИИВ академик лицейларининг ҳуқуқшунослик фани бўйича идоравий фан олимпиадаси ғолиби бўлган битирувчиларнинг Академияга ўқишга қабул қилиниши учун фақат махсус касбий танловдан муваффақиятли ўтишлари етарли ҳисобланади.
ИИВ Академияси Ахборот хизмати