Улуғвор шиор остидаги байрам тадбири Республика Маънавият ва маърифат маркази билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Тадбир аввалида ИИВ Академияси бошлиғининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари, подполковник Ҳусниддин Давронов сўз олиб, миллий байроғимизнинг давлат ва жамият ҳаётидаги аҳамияти, янгиланаётган Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, хусусан, мамлакатимизнинг жаҳон ҳамжамиятидаги нуфузини юксалтиришда миллий тимсолларимизнинг беқиёс ўрни ҳақида тўхталиб ўтди.
Тошкент давлат юридик университети доценти, маънавият тарғиботчиси Феруза Муҳиддинова, халқаро спорт ареналарида юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилаётган Абдумалик Ҳакимовлар давлат рамзларига ҳурмат ва эҳтиром фаровон ҳаётимизнинг кафолати сифатида юртдошларимизни буюк мақсадлари сари ундаётганини эътироф этишди.
– Байроғимиз билан ҳар қанча фахрлансак ҳам оз, – дейди бокс бўйича Жаҳон чемпионати совриндори Абдумалик Ҳакимов. – Турли мусобақаларда юртимиз тимсоли баланд кўтарилиб, давлат мадҳиямиз янграганда, қалбим тўлқинланиб кетади. Шу юрт, халқ фарзанди эканлигимдан чексиз ғурурланаман.
Айтиб ўтилганидек, байроқ азал-азалдан аждодларимиз учун ор-номус, жасорат ва ғалаба тимсоли бўлган. Соҳибқирон Амир Темур салтанатида ҳам давлат туғи адолат, буюк куч-қудрат рамзи ҳисобланган. Мустақил Ўзбекистон байроғи жаҳонда ҳеч кимдан кам эмаслигимиз ва кам бўлмаслигимизни кўрсатиб туради.
Тадбирда давлат рамзларимиз улуғланган шеърий парчалар ўқилди.
ИИВ Академияси Ахборот хизмати