Аҳоли муаммоларини ўрганишнинг “фуқаробай” ёндашуви ҳудудларни комплекс ривожлантириш, ечимини кутаётган кўплаб масалаларни ҳамжиҳатликда ҳал этиш имконини бермоқда.
Янги Наманган туманининг “Гулистон” маҳалласи жиноятчилик аҳволи бўйича “сариқ” тоифадаги ҳудудга киритилган. Ўтган йил давомида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш бўйича бу ерда бир қатор ишлар қилинди. Профилактик чора-тадбирларнинг тизимли ташкил қилингани натижасида, аҳвол сезиларли даражада ўзгариб, жиноятнинг айрим турлари камайди, шунингдек фирибгарлик, талончилик, безорилик каби ҳолатлар умуман қайд этилмади.
Яқинда ИИВ Академияси ишчи гуруҳи томонидан мазкур маҳаллада жиноятчиликни жиловлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар илмий ёндашув асосида ўрганилди. Ҳудудларда содир этилган ҳар бир жиноятнинг сабаб ва шарт-шароитлари маҳалла фаоллари, профилактика инспекторлари, сектор раҳбарлари ва жамоатчилик вакиллари иштирокида жойига чиқилган ҳолда муҳокама қилинди. Соҳадаги мавжуд муаммолар таҳлил қилиниб, маҳаллани жиноятдан холи ҳудудга айлантириш, ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг барвақт олдини олиш, қўшимча иш ўринлари ташкил этиш орқали аҳоли бандлигини ошириш борасида зарур чора-тадбирлар белгилаб олинди.
Айтиш жоизки, бундан бир йил олдин ИИВ Академияси томонидан “Гулистон” маҳалласи мисолида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва жиноятчиликка қарши курашишнинг “фуқаробай” ишлаш методикаси яратилган эди. Маҳалла фаоллари билан ўтказилган учрашувлар давомида мазкур методикани фаолиятга кенг татбиқ этиш, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан ривожлантириш, аҳолининг турмуш шароитини яхшилаш, жиноятчиликка сабаб бўлаётган омилларни бартараф этиш юзасидан тегишли тавсиялар берилди.
Бир сўз билан айтганда, маҳаллада олиб борилаётган профилактик ишлар бир зум бўлса-да тўхтаб қолгани йўқ. Бу саъй-ҳаракатлар эса маҳалла аҳлининг фаровон ҳаётини таъминлаши шубҳасиз.
ИИВ Академияси Ахборот хизмати