Очиқлик, тезкорлик ва холислик
Рус Ўзб O'z En

Янгиликлар

Меҳр-оқибат ва поклик айёми

25 Март 2022, 08:03

1515

Эзгулик ва янгиланиш айёми – Наврўзи олам юртимизда кўтаринки руҳда қарши олинди. Бой тарихимиз, бетакрор анъана ва қадриятларимизни тараннум этувчи айём Ички ишлар вазирлиги академиясида ҳам муносиб нишонланди.

Тадбир муносабати билан ёзилган байрам дастурхонига ички ишлар тизими фахрийлари, маҳалла фаоллари, профессор-ўқитувчилар ва ходимлар таклиф этилди. Жўшқин карнай-сурнай садолари, ўзбекона кийинган қизлар томонидан тортиқ қилинган миллий таомлар меҳмонларга кўтаринкилик бағишлади.

Таълим муассасаси бошлиғи, полковник Рустам Хатамов йиғилганларни байрам билан самимий муборакбод этди.

– Наврўз меҳр-оқибат, эзгулик ва фаровонлик, пок ниятлар тимсолидир, – деди Академия бошлиғи. – Ушбу айём миллий ўзлигимиз, асрлар мобайнида авлоддан-авлодга ўтиб келаётган анъаналаримиз, умуминсоний қадриятларни ўзида мужассам этган. Шу боис, Наврўзи оламни юртимизда яшаётган ҳар бир миллат ва элат вакиллари катта шоду-хуррамлик билан нишонлайди. Муҳтарам Президентимиз таъкидлаганларидек, инсон қадри ва шаънини улуғлашда Наврўз айёми алоҳида ўрин тутади. Наврўзи олам бизни табиат фарзанди бўлиб, Ватан тупроғини, она заминдаги ҳар бир гиёҳни кўзимизга тўтиё қилиб яшашга ўргатади.

Дарҳақиқат, инсон қадри улуғланган юртимизда бу йилги Наврўзнинг таровати ўзгача. Энг улуғ ва азиз байрам ҳар бир оила, хонадон, маҳаллага чексиз қувонч олиб кириб, барчани буюк мақсадларга, тинчликдай бебаҳо неъматнинг қадрига етишга ундамоқда. Ҳаётимизда кечаётган мислсиз ўзгаришлар, гўё Наврўзи оламнинг пок қадами ва эзгу нафасига муштарак уйғунлик касб этмоқда.

Байрам тадбирида эришилган ютуқлар сарҳисоб қилиниб, соҳа вакилларининг самарали меҳнатлари эътироф этилди. Ички ишлар вазирининг буйруғи билан бир гуруҳ ходимлар “Бенуқсон хизматлари учун”, “Аъло хизматлари учун” кўкрак нишонлари ва бошқа мукофотлар билан тақдирланди. Ўқув даргоҳи бошлиғи мукофотларни ўз эгаларига тантанали равишда топширди.

Бадиий ҳаваскорлик жамоаларининг чиқишлари, миллий куй-қўшиқларимиз барчага байрам тароватини бағишлади.

 

ИИВ Академияси Ахборот хизмати

 

Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech