Очиқлик, тезкорлик ва холислик
Рус Ўзб O'z En

Янгиликлар

МАТОНАТ МАЙДОНДА СИНАЛАДИ

30 Апрель 2022, 10:04

1872

ИИВ Академиясида олий ҳарбий таълим муассасалари курсантлари ўртасида Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси, Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Давлат хавфсизлиги хизмати, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳамда Давлат божхона қўмитасининг 2021 йил 29 июндаги қўшма қарори ижросини таъминлаш мақсадида спортнинг кўпкураш тури бўйича мусобақа ўтказилди.

Мусобақанинг тантанали очилиш маросимида Академия раҳбарияти, таълим муассасаларидан ташриф буюрган мураббийлар ва курсантлар иштирок этишди.

Ички ишлар вазирлиги академияси бошлиғининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари, подполковник Хусниддин Давранов тадбирни очар экан, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари орасида жисмоний тарбия ва спортни янада оммалаштириш, соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш, айниқса оммавий жисмоний фаоллик тадбирларини самарали ташкил этиш борасида тизимли ишлар амалга оширилаётганини таъкидлади.

ИИВ Академияси спорт мажмуасида ўтказилган спорт мусобақасида Қуролли Кучлар академияси, Давлат хавфсизлик хизмати академияси, Жамоат хавфсизлиги университети, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги академияси, Божхона институти, Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юрти ҳамда мезбон жамоа вакиллари спортнинг 100 метр ва 3000 метр масофага югуриш, сузиш ҳамда Макаров пистолетидан ўқ отиш баҳсларида ўзаро беллашдилар.

Муросасиз ўтган баҳсларнинг 100 метр масофага югуриш турида Жамоат хавфсизлиги университети курсанти Достонбек Иномжоновга тенг келадиган топилмаган бўлса, 3000 метр масофага югуришда Ички ишлар вазирлиги Академияси курсанти Акмал Салаев биринчи бўлиб маррага етиб келди. Мусобақанинг 100 метр масофага сузиш турида эса ғолиблик Ички ишлар вазирлиги Академиясининг яна бир вакили курсанти Нодирбек Мўминовга насиб этди. Макаров пистолетидан ўқ отиш баҳсида иштирокчилар мерганликларини намойиш этиб, ғолиблик учун бирдек ҳаракат қилдилар. Ушбу турнинг натижаларига кўра мерганликда энг кўп очко тўплаган Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юрти курсанти Шаҳзод Йўлдошев мерганликда тенгсиз эканини намойиш этди.

Умумий натижаларга кўра умумжамоа ҳисобида 3-ўрин Жамоат хавфсизлиги университети жамоасига (1 та олтин ва 1 та кумуш медаль), 2-ўрин Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юрти жамоасига (1 та олтин, 1 та кумуш ва 2 та бронза медаль),

1-ўрин Ички ишлар вазирлиги Академияси жамоасига (2 та олтин, 1 та кумуш ва 1 та бронза медаль) насиб этди.

Мусобақа якунида Ички ишлар вазирлиги Академияси бошлиғининг ғолибларни тақдирлаш тўғрисидаги буйруғига асосан ғолибларга “Диплом”, “Кубок” ва қимматбаҳо совғалар тантанали равишда топширилди.

ИИВ Академияси Ахборот хизмати

 

 

Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech