Очиқлик, тезкорлик ва холислик
Рус Ўзб O'z En

Янгиликлар

Маърифатли ёшлар – Янги Ўзбекистон таянчи

19 Апрель 2024, 10:04

654

Муҳтарам Президентимиз “мамлакатимиз ўз тараққиётининг янги босқичига кираётган ҳозирги пайтда бизга жадид боболаримиз каби ғарб илм-фан ютуқлари билан бирга, миллий қадриятлар руҳида тарбия топган етук кадрлар сув билан ҳаводек зарур”, деган эди.

Ушбу устувор мақсаддан келиб чиқиб Ички ишлар вазирлиги академиясида таниқли адиблар билан учрашув ташкил қилинди. Юртимиз келажагига дахлдор фидойи ёшларни тарбиялаш мақсадида ўтказилган тадбирга Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолари Ашурали Жўраев, Наби Жалолиддин ва Озода Бекмуродовалар таклиф этилди.

Тадбир аввалида меҳмонлар академия ҳаёти билан яқиндан танишдилар. Ёшлар билан мақсадли ишлаш, уларни она Ватанимиз ва халқимизга юксак садоқат руҳида камол топтириш, иқтидор ва салоҳиятини рўёбга чиқариш борасида амалга оширилаётган ишлар, таълим жараёнига татбиқ қилинган илғор ёндашувлар меҳмонларда улкан таассурот қолдирди.

Шундан сўнг ўқув даргоҳи раҳбари Рустам Хатамов адиблар билан учрашди.

– Мафкуравий курашлар кучайиб бораётган ҳозирги даврда ёшларнинг Ватанга муҳаббат, юртга садоқат ва миллий қадриятларимизга ҳурмат туйғусини ошириш долзарб аҳамият касб этмоқда. Бундай шароитда ёшларимизни ёт ғоялар таъсиридан асрашга алоҳида эътибор қаратишимиз устувор масаладир, – деди академия раҳбари.

– Ҳар қандай тизимнинг эртанги кунини, ютуғини ёш кадрлар белгилайди, – деди Ашурали Жўраев. – Президентимиз давлат раҳбари сифатидаги фаолиятларининг илк кунларидан бошлаб ички ишлар органларини халқчил тузилмага айлантиришга алоҳида эътибор қаратиб келмоқдалар. Чинакам халқпарвар ходимларни тайёрлаш эса таълимга, унинг сифати ва самарасига боғлиқ. Бугун ўқув даргоҳида амалга оширилаётган улкан янгиланишларга гувоҳ бўлиб, Янги Ўзбекистоннинг билимли, фидойи фарзандлари камол топаётганига амин бўлдим.

Учрашувда “Маърифат улашиб” лойиҳаси асосида ватанпарварлик руҳидаги ишлар самарадорлигини ошириш, ёшларни буюк мақсадлар сари бирлаштириш, уларнинг тафаккури ва интеллектуал салоҳияти, касбий фазилатларини юксалтиришга қаратилган тадбирлар уюштириш муҳимлиги таъкидланди.

Шундан сўнг зиёлилар ва курсантлар учрашуви бўлиб ўтди. Адабий кечада халқимизнинг шонли тарихи, буюк аждодларимиз жасорати, маърифатпарвар боболаримизнинг Ватан тараққиёти, миллат равнақи йўлидаги саъй-ҳаракатлари, улуғвор ғоялари, миллат юксалишида адабиётнинг ўрни, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан юртимизда ёшлар таълим-тарбиясига қаратилаётган улкан эътибор, миллий қадрият ва анъналаримизнинг бугунги кундаги теран аҳамияти ҳақида сўз борди. Адиблар ўз фикр-мулоҳазалари, ижод намуналари билан ёшларга маънавий озуқа улашдилар.

ИИВ академияси Ахборот хизмати

Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech