Очиқлик, тезкорлик ва холислик
Рус Ўзб O'z En

Янгиликлар

Маънавият – қалқон, китоб қудратли кучдир

16 Апрель 2022, 10:04

1741

ИИВ Академияси ходимларининг навбатдаги маънавият ва маърифат дарси долзарб мавзуга бағишланди.

Машғулотга Республика Маънавият ва маърифат маркази ҳузуридаги Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар институти директори Мунира Қаҳҳорова, “Олтин қалам” мукофоти соҳиби, журналист Шуҳрат Охунжонов ҳамда Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоира Ойдинисо Йўлдошевалар таклиф қилинди.

Сўзга чиққанлар “маънавият” тушунчаси, инсон камолотида илм-маърифат ва маънавий тарбиянинг ўрни, халқимиз ҳаётида авлоддан-авлодга ўтиб келаётган миллий қадриятларни асраб-авайлаш ва келгуси авлодларга етказиш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар ҳақида маъруза қилишди.

Айтилганидек, дунёда бўлаётган ўзгаришлар даврида маънавиятни асраш долзарб аҳамият касб этмоқда. Бугун маънавий тарбия жамият аъзоларини бунёдкорликка ундовчи, инсонларга эзгулик улашувчи мустаҳкам кучга айланди. Жаҳоннинг айрим мамлакатларида содир этилаётган вайронкор хатти-ҳаракатларга разм солинса, барчасининг замирида маънавиятсизлик, ахлоқсизлик, миллий тафаккур ва онгнинг заифлашгани каби иллатлар тургани яққол аён бўлмоқда. Бундай шароитда маънавий тарбияни кучайтириш, жамият аъзолари, айниқса ёшларни ватанпарвар, фидойи, меҳнатсевар, юртга дахлдор инсонлар этиб камол топтириш, таълим-тарбияни умуминсоний қадриятлар асосида оқилона йўлга қўйиш муҳим вазифа саналади.

Тадбирда ички ишлар органлари тизимида китобхонлик маданиятини юксалтириш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Журналист Шуҳрат Охунжонов бу ҳақда тўхталиб, юртимизда китобхонлик умуммиллий ҳаракатга айланиб бораётганини эътироф этди. “Маънавий дунёқарашни ўстириш, миллий ўзликни англашда китоб энг яқин кўмакчидир. Тафаккури теран, билим салоҳияти бой инсон ҳеч қачон ёмон иллатларга қўл уймайди. Жамиятдаги ёт ғояларга қарши соғлом фикр билан курашади”, - деди у.

 “Маънавият ойлиги” доирасида китоб ярмаркаси ҳам уюштирилиб, қатнашчилар ўз эҳтиёжларига қараб зарур адабиётларни харид қилишди.

ИИВ Академияси Ахборот хизмати

 

 

 

Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech