Юртимиздаги изчил ислоҳотлар инсон қадрини улуғлашга қаратилган. Жамиятнинг барча соҳа ва тармоқларини янада равнақ топтириш коррупция балосига қарши муросасиз курашишни тақозо этади.
Ички ишлар вазирлиги академиясида “Адолат” социал-демократик партияси билан ҳамкорликда “Янги Ўзбекистонни коррупциядан холи мамлакатга айлантиришда бирлашайлик!” шиори остида тадбир ўтказилди. Унда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, Бош прокуратура, Тошкент кимё-технология институти вакиллари, партия фаоллари, шунингдек Академия профессор-ўқитувчилари ва курсантлари иштирок этди.
Соҳа мутахассислари коррупцияга қарши курашишга қаратилган чора-тадбирлар самарасида ушбу фаолиятда эришилаётган ютуқлар ҳақида тўхталиб, жамиятда ҳуқуқий маданиятни шакллантириш, коррупцияга қарши хулқ-атворни шакллантириш борасида мулоҳазалар билдирдилар. Шунингдек, маърузачиларнинг “Давлат хизматида халоллик стандартини жорий этиш”, “Коррупцияга қарши курашиш ва олдини олиш соҳасида давлат сиёсатини шакллантириш ҳамда амалга ошириш чора-тадбирлари”, “Коррупцияга қарши курашишда прокуратура органларининг роли”, “Коррупция – миллий давлат суверенитетига таҳдид” каби мавзулардаги чиқишлари тингланди.
Шу куни коррупцияга қарши ҳуқуқий тарғибот тадбирларида фаол қатнашаётган бир гуруҳ ёшлар партия сиёсий кенгашининг томонидан рағбатлантирилди.
ИИВ Академияси Ахборот хизмати