Ёшларнинг ватанпарварлик, касбга садоқат, мардлик сингари туйғуларини кучайтириш бугуннинг долзарб вазифаларидан. Бу борада музейларнинг ўрни беқиёсдир.
Ички ишлар органлари тарихи музейи “Ўзбекистон ҳудудида хавфсизлик ва ички тартибни сақловчи тузилмаларнинг шаклланиши”, “Мустақиллик йилларида Ўзбекистонда ички ишлар органлари тизимидаги ислоҳотлар”, вазирлик соҳавий хизматлари фаолияти ҳамда “Ички ишлар органлари тизимида кадрлар тайёрлаш, ходимларнинг касбий ва жанговар тайёргарлиги ҳамда уларнинг ижтимоий муҳофазаси” каби тўртта бўлимдан иборат.
Масканда тизим тарихи ва ривожланиш босқичларига оид кўплаб экспонатлар, муҳим ашёларни учратасиз. Айниқса эл-юрт осойишталиги йўлида самарали хизмат қилган ходимларнинг ҳаёти ва фаолияти ҳақида қимматли маълумотлар учрайди. Айни жиҳатлари билан ушбу маскан юксак маънавий-тарбиявий аҳамият касб этади.
Куни кеча Ички ишлар вазирлиги академияси курсантлари музей фаолияти билан танишиб, соҳа ўтмиши ҳақида зарур билимларга эга бўлдилар. Тадбир давомида маскандан ўрин олган экспонатлар тарихи, ички ишлар органларининг шаклланган анъаналар, соҳада кўп йиллар самарали хизмат қилган фидоийларнинг жасорати ҳақида маълумотлар берилди.
Ички ишлар органларида маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш ҳамда “Ватанпарварлик куни” доирасида ташкил этилган тадбир курсантларнинг касбга дахлдорлик туйғуларини мустаҳкамлашга хизмат қилди.
ИИВ Академияси Ахборот хизмати