Очиқлик, тезкорлик ва холислик
Рус Ўзб O'z En

Янгиликлар

Касбга садоқат ҳалолликдан бошланади

11 Март 2022, 06:03

1920

Жорий йилнинг 15 февраль куни Ички ишлар вазирлигида хизмат интизомини мустаҳкамлаш ва коррупцияга қарши курашиш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтган эди. Мазкур йиғилишда белгилаб берилган устувор вазифалардан келиб чиқиб Фарғона вилояти Ички ишлар бошқармасида учрашув ташкил этилди.

Унда ИИВ Академияси вакиллари, ИИБ соҳавий хизматлари раҳбарлари, таълим муассасасини тамомлаган ёш ходимлар, шунингдек битируволди малакавий амалиётга жалб қилинган курсантлар ва уларнинг ота-оналари иштирок этди. Айтиб ўтилганидек, сўнгги йилларда ички ишлар органлари тизими тубдан ислоҳ қилиниб, соҳа ходимлари фаолиятини замон талаблари даражасида ташкил этиш ва ижтимоий ҳимоясини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бироқ яратилган имкониятларга қарамасдан, айрим ходимлар томонидан хизмат интизомининг қўпол равишда бузилаётгани тизимга нисбатан салбий фикрларнинг уйғонишига сабаб бўлмоқда.

Йиғилишда ИИВ Академияси бошлиғининг ўринбосари, подполковник Ҳусниддин Давронов сўз олиб, соҳа ходимларининг касбий, маънавий-ахлоқий ва жанговар-жисмоний тайёргарлигини юксалтириш борасида тизимли чора-тадбирлар амалга оширилаётгани, хизмат интизомини бузган ёки коррупциявий ҳолатларга йўл қўйган ходимларга нисбатан кескин интизомий чоралар қўлланилаётганини алоҳида таъкидлади. Бу борада вазирликда ўтказилган видеоселектор йиғилишида муҳокама қилинган масалаларга тўхталиб, ҳудудий ички ишлар органларида амалиёт ўтаётган курсантлар ва ёш ходимларга хизматни юқори масъулият, ватанпарварлик, ҳалоллик билан олиб бориш, ўз номига доғ туширувчи турли ножўя хатти-ҳаракатлардан тийилиш, Ватанга ва халққа садоқат билан хизмат қилиш юзасидан тавсиялар берди. “Касбга садоқат ҳалолликдан бошланади. Эндиликда салбий хатти-ҳаракатлар содир этган ходимни интизомий жазо тариқасида бошқа хизматга ўтказиш амалиётига чек қўйилади. Ходим соҳавий хизмат йўналиши бўйича энг қуйи лавозимга уч ойлик синов муддати билан тайинланиб, синов муддати якуни бўйича навбатдан ташқари аттестациядан ўтказилади. Аттестациядан қониқарсиз ўтганларга нисбатан ички ишлар органларидан бўшатиш амалиёти йўлга қўйилади”, деди Ҳ.Давронов.

Шунингдек йиғилишда вилоят ИИБ вакиллари сўзга чиқиб, шахсий таркиб ўртасида хизмат интизоми ва қонунийликни мустаҳкамлашга қаратилган манзилли тадбирлар ўтказилаётгани, ёш ходимлар ва амалиётчи курсантларнинг кунлик хизматини тўғри ташкил этиш борасида тегишли раҳбарларнинг масъулияти янада оширилишини таъкидлашди.

Шу куни Академия вакиллари вазирлик қошидаги Фарғона академик лицейи ўқувчилари билан ҳам учрашдилар. Тадбирда соҳа учун етук малакали кадрлар тайёрлаш мақсадида амалиётга татбиқ этилган янги механизмларнинг мазмун-моҳияти тушунтирилди. Академияда таълим олишни истаган ўғил-қизлар кириш имтиҳонлари ва ўқув даргоҳида яратилган шарт-шароитлар ҳақида ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар.

 

ИИВ Академияси Ахборот хизмати

Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech