Наврўз – бағрикенгликни тараннум этувчи, инсониятга эзгулик, бахт-саодат ва поклик улашувчи айём. Унинг ҳар лаҳзасида тинчлик ва осойишталикни асраш, инсон қадрини улуғлаш, юртни обод қилишдек хайрли амаллар мужассам.
Жойларда бўлганидек, Ички ишлар вазирлиги академиясида ҳам яшариш ва янгиланиш аёми кўтаринки кайфиятда қарши олинди. Байрам арафасида халқимизнинг азалий қадриятларидан бўлмиш ободонлаштириш тадбирлари амалга оширилди. Таълим маскани ҳудуди, ён маҳаллалардаги кўп қаватли уйлар атрофи, ариқ ва йўл ёқалари кўркам ҳолга келтирилди. Ёши улуғ инсонлар, ёлғиз кексаларга кўмак берилди.
Байрам муносабати билан Академия саф майдонида ўтказилган тадбирда ўқув даргоҳи раҳбарияти, соҳа фахрийлари, устоз-мураббийлар ҳамда тингловчи-курсантлар иштирок этди. Сўз олганлар йиғилганларни айём билан табриклаб, Наврўзнинг моҳияти, тинчлик-осойишталикнинг қадр-қиммати, мамлакатимизда амалга оширилаётган улкан янгиланишлар ҳақида тўхталиб ўтишди.
Янги Ўзбекистон ёшлари илму маърифати, билим ва салоҳияти билан буюк аждодларимизга муносиб ворис бўлиши, муқаддас Ватанимизни кўз қорачиғидек асраши, мамлакатимизнинг бугуни ва фаровон келажаги йўлида юксак чўққиларга интилиши лозимлиги таъкидланди.
Тадбирда ўқишдаги ютуқлари, фаол ташаббус ва фидойилиги билан тенгдошларига ўрнак бўлаётган бир гуруҳ курсантлар Академия бошлиғининг бўйруғи билан тадқирланди. Юртимиз бўйлаб Наврўзи олам нафаси кезиб юрган шу кунларда байрам тадбирлари давом эттирилмоқда. Тизим фахрийлари ва хизмат пайтида ҳалок бўлган ходимларнинг оила аъзолари ҳолидан хабар олиниб, меҳр-мурувват улашилмоқда.
ИИВ Академияси Ахборот хизмати