25 январ. Пойтахтимизда “Ислом Каримов – миллий армия асосчиси” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.
Тадбирда сўзга чиққанлар буюк давлат ва сиёсат арбоби, мамлакатимизнинг тараққиёт йўлида фидокорона хизмат қилган Ислом Каримовнинг ҳаёти ва серқирра фаолиятини эътироф этдилар. Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Биринчи Президентимиз номини абадийлаштириш бўйича амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар тилга олинди.
Ички ишлар вазирлиги академияси вакилллари иштирок этган хотира кечасида меҳмонларга Биринчи Президентнинг рафиқаси Татьяна Каримованинг дастхати битилган китоблар совға қилинди.
***
28 январ. Беларусь Республикаси ИИВ Академияси ташаббуси билан жиноятчиликка қарши курашиш муаммолари ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар учун кадрлар тайёрлаш масалаларига бағишланган халқаро илмий-амалий конференция ўтказилди.
Онлайн тартибда ўтган анжуманда ИИВ Академияси вакиллари ҳам қатнашиб, бу борада Ўзбекистон тажрибасининг муҳим жиҳатларига тўхталдилар. Мутахассисларнинг фикрича, мазкур соҳада ечимини кутаётган муаммоларнинг эчимлари юзасидан билдирилган таклиф ҳамда тавсиялар анжуманнинг долзарблигини оширди.
***
28 январ. Жамоат хавфсизлиги университетида бўлиб ўтган халқаро илмий-амалий анжуман “Экстремизм ва терроризмга қарши курашиш стратегияси: халқаро ва миллий тажриба” мавзусига бағишланди.
Манфаатдор вазирлик ва идоралар, шунингдек Туркия Республикаси Жандармерия ва соҳил хавфсизлиги академияси, Испаниянинг Сан Пабло университети (CEU), Ҳофстра университети (АҚШ), Россия Федерацияси ИИВнинг Краснодар университети ва бошқа муассасалар вакиллари иштирок этган анжуманда экспертларнинг маърузалари тингланди.
Жумладан, ИИВ Академияси катта ўқитувчиси, подполковник Хушнудбек Якубов “Ёшлар томонидан терроризм ва экстремизм билан боғлиқ содир этилган ҳуқуқбузарликлар ҳамда унга таъсир қилувчи омиллар” мавзусидаги маърузасида соҳани такомиллаштиришга оид тавсияларини илгари сурди.
ИИВ Академияси Ахборот хизмати