Очиқлик, тезкорлик ва холислик
Рус Ўзб O'z En

Янгиликлар

Илм одами эди...

19 Март 2022, 09:03

3411

Ҳуқуқшунос олим, юридик фанлар доктори, профессор Зарип Зарипов 74 ёшида оламдан ўтди.

Зарип Зарипов 1947 йилда Туркманистон Республикасининг Чоржўй шаҳрида туғилган. Тошкент олий милиция мактаби (ҳозирги ИИВ Академияси)ни тамомлагандан сўнг, хизмат фаолиятини Тошкент шаҳар ИИБнинг сиёсий-тарбиявий ишлар бўлимида бошлаган. 1973–75 йилларда Ички ишлар вазирлигининг Тергов бошқармасида терговчи вазифасида ишлади. 1975–79 йиллар Москва олий милиция мактабининг адьюнктурасида таҳсил олиб, юридик фанлар бўйича номзодлик диссертациясини муваффақиятли ҳимоя қилди.

Сўнг Тошкент олий милиция мактабининг Фуқаролик ҳуқуқи кафедраси катта ўқитувчиси сифатида хизмат фаолиятини давом эттирди. 1979 йилдан 1988 йилгача Криминология ва жиноятларни олдини олиш кафедраси катта ўқитувчиси, доценти, кафедра бошлиғи лавозимларида ишлаб, тингловчиларга сабоқ берди. 1988–1992 йиллар давомида олий мактаб бошлиғининг илмий ишлар бўйича ўринбосари лавозимида фаолият кўрсатиб, ўқув муассасаси салоҳиятини юксалтиришга улкан ҳисса қўшди. Кейинчалик 1992 йилдан 2004 йилгача Криминология ва юридик психология, Криминология ва жиноят ижроия ҳуқуқи, Криминология ва жазони ижро этиш ҳуқуқи, Криминология кафедраларида, 2004–2006 йиллари эса Жиноятларнинг олдини олиш кафедрасига раҳбарлик қилди. Кўп йиллик изланишлари самараси ўлароқ, юридик фанлар доктори илмий даражаси ҳамда профессор илмий унвонига сазовор бўлди. Тизимдаги муносиб хизматлари учун “полковник” унвони билан тақдирланди.

Зарип Зарипов ҳуқуқшунослик илмини ривожлантириш, соҳа учун ёш тадқиқотчиларни етиштиришда ўзига хос мактаб яратган олимдир. Унинг 50 га яқин дарслик ва қўлланмалари, 200 дан ортиқ илмий мақолалари нашр этилган. Қолаверса, профессор Зарип Зарипов ҳуқуқбузарликлар профилактикасига оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ишлаб чиқилиши ва амалиётга татбиқ этилишида ҳам фаол жонбозлик кўрсатган. Олимнинг соҳа фаолиятини такомиллаштиришга бағишланган таклиф ҳамда тавсиялари, илмий-назарий қарашлари халқаро миқёсда алоҳида эътироф этилганини айтиш жоиз.

Профессор Зарип Зарипов ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар учун малакали кадрлар тайёрлаш жараёнида таълимни амалиёт билан узвий боғлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси соҳасини илмий жиҳатдан тадқиқ этишга муносиб ҳисса қўшди. Ёш тадқиқотчиларнинг илмий ишларига раҳбарлик қилиб, минглаб шогирдлар тайёрлади. Улар орасида нафақат юртимиз, балки МДҲнинг бошқа давлатлардан етишиб чиққан олимлар ҳам кўп. Ҳозирда улар устознинг шарафли йўлини давом эттириб келишмоқда.       

Забардаст олим, меҳрибон устоз Зарип Зариповнинг ёрқин хотираси ИИВ Академияси жамоаси ва шогирдларининг қалбидан асло ўчмайди.

 

ИИВ Академияси Ахборот хизмати

Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech