Очиқлик, тезкорлик ва холислик
O'z Ўзб Рус En

Янгиликлар

Ички ишлар вазирлиги академиясида ўқишни хоҳлайсизми?

10 Январ 2026, 00:47

838

Қуйидаги маълумотлар таълим муассасасида ўқиш истагида бўлган истиқболли ёшлар учун фойдали бўлиши шубҳасиз.

Академиянинг кундузги таълим бакалавриатига 17 ёшдан кичик ва 25 ёшдан катта бўлмаган, умумий ўрта, ўрта махсус ва профессионал маълумотга эга Ўзбекистон Республикаси фуқаролари танлов асосида қабул қилинади.

Абитуриентлар дастлабки танлов, махсус касбий танлов ҳамда якка тартибдаги якуний суҳбат босқичларида иштирок этади.

Дастлабки танлов ҳудудларда ўтказилиб, ҳужжатларни тўплаш, ўрганиш ва номзодларни тиббий кўрикдан ўтказиш тадбирларини ўзи ичига олади.

Мазкур босқич ИИВ академик лицейлари битирувчилари ва фуқаролар учун – уларнинг доимий яшаш жойидаги тегишли ички ишлар органларида;

ҳарбий академик лицейлар битирувчилари учун – уларнинг доимий яшаш жойидаги ва ҳарбий академик лицей жойлашган ҳудуддаги ички ишлар органларида;

ички ишлар органлари ходимлари ва ҳарбий хизматчилари учун – уларнинг хизмат жойи ва ҳарбий қисмларда (муассасаларда) бўлиб ўтади.

Дастлабки танлов тадбирларидан муваффақиятли ўтган номзодлар махсус касбий танловга қўйилади.

Махсус касбий танлов ва якка тартибдаги якуний суҳбат академияда бўлиб ўтади.

Бунда умумий йўналишга ҳужжат топширганлар қуйидаги синовларни топширади:

ёзма иш (баён ёки иншо);

умумжисмоний тайёргарлик даражасини баҳолаш;

чет тилларини ўзлаштирганлик даражасини баҳолаш.

“Эксперт-криминалистика фаолияти” йўналишига ҳужжат топширганлар қуйидаги синовларни топширади:

умумжисмоний тайёргарлик даражасини баҳолаш;

математика фанини ўзлаштирганлик даражасини баҳолаш;

кимё ва физика фанларини ўзлаштирганлик даражасини баҳолаш.

“Рақамли технологиялар соҳасида жиноятларга қарши курашиш фаолияти” йўналишига ҳужжат топширганлар қуйидаги синовларни топширади:

математика фанини ўзлаштирганлик даражасини баҳолаш;

информатика ва ахборот технологиялари фанини ўзлаштирганлик даражасини баҳолаш.

Махсус касбий танловда тўпланиши мумкин бўлган энг юқори баллнинг 50 фоизидан кўп балл тўплаган абитуриентлар якка тартибдаги якуний суҳбатга қўйилади.

Шу ўринда, синовларни ўтказиш ва баҳолаш тартиби ҳақида ҳам керакли маълумотларни билиш фойдадан холи бўлмайди.

Ёзма иш баён ёки иншо ёзишдан иборат. Баён учун 80 дақиқа, иншо учун 120 дақиқа ажратилиб, 30 баллик тизимда баҳоланади.

Умумжисмоний тайёргарлик даражасини баҳолаш ўғил болалар учун турникда тортилиш, 100 ва 3000 метрга югуриш, қизлар учун эса куч ишлатиш машқлари комплекси, 100 ва 1000 метрга югуришдан иборат бўлиб, 30 баллик тизимда баҳоланади.

Чет тилларини ўзлаштирганлик даражаси тест синовлари ёки назарий имтиҳон орқали баҳоланади. Инглиз, немис ва француз тилларини биладиган абитуриентлар учун тест синовлари, бошқа чет тилини биладиганлар учун эса назарий имтиҳонлаи ўтказилиб, 30 баллик тизимда баҳоланади.

Математика фанини ўзлаштирганлик даражаси тест синови орқали 30 баллик тизимда баҳоланади.

Кимё ва физика фанларини ўзлаштирганлик даражасини баҳолаш билетдаги саволларга оғзаки жавоб бериш орқали 30 баллик (ҳар бир фанга 15 балл) тизимда баҳоланади.

Информатика ва ахборот технологиялари фанини ўзлаштирганлик даражасини баҳолаш билетдаги саволга оғзаки жавоб бериш ва амалий топшириқларни бажариш орқали 60 баллик (назарий саволга – 20 балл; 1-амалий топшириққа – 20 балл; 2-амалий топшириққа – 20 балл) тизимда баҳоланади.

Якка тартибдаги якуний суҳбат билетдаги 3 та саволга оғзаки жавоб бериш орқали (ҳуқуқшунослик фанига – 55 балл, Ўзбекистон тарихи фанига – 30 балл, тарбия фанига – 25 балл) баҳоланади.

Абитуриентлар учун имтиёзлар ҳам мавжуд.

  1. Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги томонидан бериладиган чет тилини билиш даражаси тўғрисидаги сертификат ёки халқаро сертификатнинг B2 даражаcига эга бўлганларга чет тили фанидан имтиҳонсиз белгиланган максимал балл берилади.

2 Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги томонидан бериладиган умумтаълим фанлари (математика, физика ва кимё)ни билиш даражасини аниқлаш бўйича миллий сертификатлар ёки халқаро тан олинган сертификатларнинг тегишли даражаларига эга бўлганларга математика, физика ёки кимё фанидан ўтказиладиган синовларда қуйидагича балл берилади:

А+, А даражали миллий сертификатга ёки A-LEVEL имтиҳонининг B, А, А* даражали халқаро сертификатга эга бўлганларга – математика, физика ёки кимё фанидан белгиланган максимал балл;

B+, B, C+, C даражали миллий сертификатга эга бўлганларга – мос равишда сертификатдаги умумий баллга нисбатан фоиз асосида математика, физика ёки кимё фанидан белгиланган максимал баллга нисбатан табақалаштирилган (пропорционал) балл.

Бунда 2024 йил 1 мартга қадар умумтаълим фанлари бўйича берилган миллий сертификатлар учун мазкур сертификат олинган пайтда амалда бўлган имтиёз татбиқ этилади.

  1. Профессионал даражадаги нуфузли халқаро IT-сертификатга эга бўлган “Рақамли технологиялар соҳасида жиноятларга қарши курашиш фаолияти” таълим йўналишига ҳужжат топширганларга математика, информатика ва ахборот технологиялари фанлари бўйича тўпланиши мумкин бўлган энг юқори баллнинг 30 фоизи миқдорида қўшимча балл берилади.

Шунингдек, махсус касбий танлов ва якка тартибдаги якуний суҳбат натижаларига кўра энг юқори балл тўплаган 5 нафар абитуриент мазкур йўналишнинг иккинчи курсига тўғридан-тўғри қабул қилинади.

Изоҳ: “Рақамли технологиялар соҳасида жиноятларга қарши курашиш фаолияти” таълим йўналишига ўқишга кириш учун имтиёзлар берадиган профессионал даражадаги нуфузли халқаро IT-сертификатлар рўйхати ва даражалари ички ишлар вазири томонидан белгиланади.

  1. “Ватан таянчи” ҳаракатининг тегишли тавсияномаларига эга бўлганларга якка тартибдаги якуний суҳбат натижаларига кўра тўплаган балларининг 5 фоизи миқдорида қўшимча балл берилади.
  2. “Темурбеклар мактаби” академик лицейлари битирувчиларига якка тартибдаги якуний суҳбатда ўзлари тўплаган балларнинг 30 фоизи миқдорида қўшимча балл берилади.

Эслатиб ўтамиз: ўқишга кирмоқчи бўлган абитуриентларнинг аризалари қабул йилидан олдинги йилнинг 15 ноябридан қабул йилининг 15 февралига қадар давом этади.

Дастлабки танлов тадбирлари қабул йилидан олдинги йилнинг 15 ноябридан қабул йилининг 1 апрелга қадар ўтказилса, махсус касбий танлов ва якка тартибдаги якуний суҳбат қабул йилининг июнь–июль ойларида бўлиб ўтади.

Номзодлар махсус касбий танлов ва якка тартибдаги якуний суҳбат натижалари асосида ўқишга қабул қилинади.

Ҳурматли абитуриентлар! Имкониятингиз ўз қўлингизда, мақсадни тўғри олинг ва келажагингиз сари дадил қадам ташланг.

ИИВ академияси

Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech