Ёшлар муаммоларини ўрганиш ва самарали ҳал этиш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Шунга қарамай, вояга етмаганлар томонидан ҳуқуқбузарлик содир этиш ҳолатлари ҳам аниқланмоқда.
Пойтахтимизнинг Мирзо Улуғбек туманидаги 208-сонли ўрта умумтаълим мактабида ўтказилган тадбир вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш масалаларига бағишланди. Ички ишлар вазирлиги академияси билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда мактаб ўқитувчи ва ўқувчилари жамоаси иштирок этди.
Қайд этилганидек, жорий йилнинг олти ойи мобайнида республикамиз бўйлаб “Хавфсиз таълим муассасаси” тамойили асосида вояга етмаганларни ўқиш ва фойдали машғулотларга жалб этиш, назоратсиз юрганларни ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам марказлари ва ўқув-тарбия муассасаларига жойлаштириш борасида тизимли ишлар қилинган. Умумий ўрта таълим мактабларидаги вояга етмаганлар масалалари бўйича инспектор-психологлар томонидан ҳар бир ўқувчи кесимида махсус профилактик тадбирлар ўтказилган.
Тарғибот тадбирида вояга етмаганлар томонидан содир этилаётган ҳуқуқбузарликлар таҳлил қилиниб, бу каби салбий иллатларнинг ҳуқуқий оқибати тушунтириб ўтилди. Ёшлар таълим-тарбиясида оила, ўқув муассасаси ва маҳалла ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, вояга етмаганлар тарбиясига дахлдор шахсларга нисбатан масъулиятни кучайтириш, ёш авлодни зарарли одатлардан асраб-авайлаш борасида фикр-мулоҳазалар билдирилди.
ИИВ Академияси Ахборот хизмати