Ички ишлар вазирлиги академиясига Корея криминология ва адлия институти раҳбари бошчилигида делегация ташриф буюрди.
Бу йил Ўзбекистон ва Корея Республикалари ўртасида дипломатик алоқалар ўрнатилганига 32 йил тўлди. Шу давр ичида ўзаро муносабатлар юксак ишонч ва дўстлик руҳида изчил ривожланди. Бугунги кунда Жанубий Корея Ўзбекистоннинг алоҳида стратегик шериги, вақт синовидан ўтган яқин ҳамкорларидан бири саналади.
Мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатларда минтақавий хавфсизлик ва барқарорлик масалалари устуворлик касб этади. Хусусан, уюшган жиноятчилик, халқаро терроризм, экстремизм, одам савдоси ва бошқа хавф-хатарларга қарши биргаликда курашиш томонлар манфаатига тўла мос келади.
Корея криминология ва адлия институти вакилларининг юртимизга ташрифи ҳам мазкур йўналишда ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилгани билан аҳамиятли.
Делегация аъзолари дастлаб академиянинг халқаро алоқалари йўналишлари билан танишдилар. Меҳмонларга етакчи хорижий ташкилотлар ва турдош олий таълим муассасалари билан йўлга қўйилган муносабатлар ҳақида маълумот берилди.
Шу ернинг ўзида Корея делегацияси аъзолари, Ички ишлар вазирлиги академияси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Криминология тадқиқот институти вакиллари ўртасида мулоқот бўлиб ўтди. Учрашувда Ўзбекистон ва Корея муносабатлари жадал суръатларда ривожланиб, янги босқичга чиқиб бораётгани эътироф этилди. Самимий руҳдаги учрашув ҳамкорликнинг янги йўналишларини белгилаш ва мустаҳкамлашга хизмат қилиши таъкидланди.
Делегация раҳбари, Корея криминология ва адлия институти президенти жаноб Таэ Хун Ха икки томонлама алоқаларни янада чуқурлаштириш соҳага илғор ёндашувларни кенг татбиқ қилишга йўл очишини қайд этди.
Ўз навбатида, ИИВ академияси бошлиғи Рустам Хатамов Ўзбекистон ва Корея давлатларининг турдош олий таълим муассасалари ўртасида ўзаро тажриба алмашинувини кенгайтиришдан манфаатдор эканинини билдирди.
Шундан сўнг меҳмонларга ИИВ академияси ҳамда Криминология тадқиқот институти фаолияти тақдимот қилинди. Учрашув якунида Корея криминология ва адлия институти ҳамда Ўзбекистон Республикаси Криминология тадқиқот институти ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Шу куни кореялик мутахассислар Маънавият ва маърифат маркази, замонавий спорт комплекси, ахборот-ресурс маркази, ўқув тезкор-тергов гуруҳлари учун мўлжалланган мобиль автотранспорт воситаларини кўздан кечирдилар. Таълим жараёнига татбиқ қилинган замонавий ёндашувлар меҳмонларда катта таассурот қолдирди.
ИИВ академияси Ахборот хизмати