Очиқлик, тезкорлик ва холислик
O'z Ўзб Рус En

Янгиликлар

Ҳалол меҳнат фақат улуғлик олиб келади

23 Феврал 2026, 21:08

332

Ички ишлар органлари тизимида кўп йиллар хизмат қилиш ҳаммага ҳам насиб этмайди. Чунки соҳа қийинчиликларини енгиб ўтиш учун инсонга метиндай ирода ва матонат керак.

Ана шундай устозлар қаторида салкам қирқ йиллик фаолиятини Ички ишлар вазирлиги академиясига бағишлаган Тўлқин Маматқулов ва Бахтиёр Сирлиев бор. Улар тизим учун юқори малакали кадрлар тайёрлаш йўлида сидқидилдан меҳнат қилди. Минглаб шогирдларни камолот чўққисига етказди. Касбига меҳри, чексиз садоқати, ҳалоллиги билан жамоада ҳурмат қозонди.

Соҳа фидойиларини нафақага кузатиш маросимида сўз олганлар инсон умри унинг яшагани билан эмас, аксинча, элу юрт манфаатлари йўлида қилган меҳнатлари, инсонийлик амаллари билан ўлчанишини алоҳида таъкидлаб ўтишди.

Тадбирда уларнинг самарали меҳнатлари, таълим-тарбия жараёнларига қўшган улкан ҳиссалари, кўп йиллик илмий-педагогик фаолиятлари давомида эришган ютуқлари, жонкуярлик фазилатлари эътироф этилди. Ўқув даргоҳида хизмат қилаётган ёш ходимлар катта авлод вакиллари яратган тажриба мактабидан сабоқ олиб, уларга муносиб издош бўлиши кераклиги таъкидланди.

– Ички ишлар тизими шундай соҳаки, бутун умр қилган хизматларинг ортидан келган олқишларни кўриб, машаққатларни шу онда унутасан. Бугун устозларимиз кўзидаги қувонч, мамнунлик ҳиссини кўриб, бунга яна бир бор амин бўлдим. Ҳалол меҳнат инсонга улуғлик олиб келади, деб шунга айтсалар керак, – деди факультет бошлиғи Мақсуд Қаландаров.

Тадбир давомида самимий дил изҳорлари, қутловлар, миннатдорлик сўзлари янгради. Фахрийлар ўзбекона тўнларда иззат-икром билан нафақага кузатилди.

Жамшид Холов,

ИИВ академияси Ахборот хизмати

Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech