Бугун Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи қабул қилинганига ўттиз йил тўлди. Ички ишлар вазирлиги академияси саф майдонида ўтказилган тадбирда ўқув даргоҳи раҳбарияти, тизим ходимлари, курсант ёшлар иштирок этди.
Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси янгради.
Тадбирда сўз олганлар юртимиз байроғи халқимизнинг шон-шавкати, миллий қадриятлари ва эзгу орзу-интилишларини ўзида мужассам этган фахр-ғурур тимсоли эканлигини алоҳида таъкидладилар.
Чиндан ҳам, она Ватанимиз байроғи Ўзбекистоннинг миллий суверенитетини, халқимизнинг мустақил тараққиёт йўлини билдирадиган муқаддас рамзларимиздан бири. Уни шарафлаш, кўз қорачиғидек асраб-авайлаш юртимиз фуқароларининг бурчидир.
Бугун Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг бош қароргоҳи, давлатимизнинг хорижий мамлакатлардаги дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари бинолари олдида Ўзбекистон байроғининг виқор билан ҳилпираб тургани қалбимизда юксак фахр-ифтихор ҳиссини уйғотади.
– Давлат байроғи юрт тинчлиги ва осойишталигини сақлаш йўлида қасамёд қилган сафдошларимнинг мардлик, жасорат ва манонат каби фазилатларини янада кучайтиради, – дейди курсант Ислом Ражабов. – Саф майдонига муқаддас байроғимиз олиб кирилганда, биз курсантлар азиз ва муқаддас тимсолимиз билан ниҳоятда фахланамиз. Чунки жонажон байроғимизда шон-шуҳрат, мардлик ва садоқат, ватанпарварлик ва поклик каби улуғвор туйғулар мужассам бўлган.
ИИВ Академияси Ахборот хизмати