Очиқлик, тезкорлик ва холислик
Рус Ўзб O'z En

Янгиликлар

Фахрийлар доимо эъзозда

07 Май 2022, 08:05

1427

Ички ишлар вазирлиги академияси вакиллари 9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан соҳа фахрийларининг ҳолидан хабар олишди.

Таълим муассасаси раҳбари Рустам Хатамов пойтахтимизнинг Яшнобод туманида истиқомат қилиб келаётган истеъфодаги полковник Анвар Девятов хонадонида бўлди.

Тизимда салкам эллик йил хизмат қилган Анвар ака ёш ходимлар учун ибратли йўлни босиб ўтган. Ички ишлар органларининг масъул лавозимларида ишлаб, республикамизда ҳуқуқ-тартиботни мустаҳкамлаш, жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга муносиб ҳисса қўшган. Истеъфога чиққандан сўнг, у Ички ишлар вазирлиги академиясида тингловчи-курсантларга сабоқ берди. Ўзининг кўп йиллик амалий тажрибасини таълим-тарбия самарадорлигини ошириш, ёшларнинг касбий салоҳиятини юксалтиришга бағишлади. Ҳозирда у оила аъзолари, шогирдлари ардоғида умргузаронлик қилмоқда.

Байрамона руҳда кечган учрашув соҳа фахрийсининг қалбига чексиз қувонч бағишлади. Академия вакиллари табаррук устозни айём билан қутлаб, унга совғаларни топширишди. Анвар ака давлатимиз томонидан кўрсатилаётган юксак эътибор ва ғамхўрликдан мамнун бўлиб, шогирдларининг фаолиятига муваффақият тилади.

Дарҳақиқат, Хотира ва қадрлаш айёми замирида халқимизга хос олийжаноб қажриятлар, инсоний фазилатлар мужассам бўлган. Байрам муносабати билан кекса авлод вакилларига кўрсатилаётган меҳр-мурувват тадбирлари юртимизда “инсон қадри ҳар нарсадан устун” деган улуғвор тамойилнинг амалий ифодасини намоён этмоқда.

Людмила Чудаева бу йил 85 ёшни қарши олади. У Иккинчи жаҳон урушини бошдан ўтказмаган бўлса-да, фашизм балоси ёғдирган даҳшатли азобу уқубатлар ҳақида кўп эшитган. Ўша йиллари оиласи билан Тошкентга кўчиб келган Людмила Чудаева шу ерда ўсиб-улғайди. Олийгоҳни битиргач, Тошкент шаҳар Ички ишлар бошқармасининг жиноят-қидирув бўлимида иш бошлади. Аёл бўлишига қарамай, ўз бурчини улкан матонат билан адо этди. Жамоадошлари билан елкама-елка, сидқидилдан хизмат қилди. Кейинчалик Тошкент олий милиция мактабида тажрибали педогог сифатида фаолиятини давом эттирди.

– Академия жамоаси мен учун қадрдондай бўлиб қолган, ахир, шу даргоҳда 15 йил меҳнат қилдимда, – дейди истеъфодаги полковник Людмила Чудаева. – Таълим масканида амалга оширилаётган янгиланишлар, шогирдларимнинг ютуқларидан ҳамиша қувонаман. Биласизми, болалигимда кўп заҳматлар чекканим боис, бугунги тинч-осуда, фаровон ҳаётимизга шукроналар қиламан. Айниқса биз фахрийларга шундай иззат-эҳтиром кўрсатилаётганидан бошим кўкка етади.

Учрашувда соҳа фидойиси ўз ҳаёт йўли, касб қийинчиликлари, кўп йиллик хизматлари давомида эришган ютуқлари, “устоз-шогирд” анъаналарининг тарбиявий жиҳатлари ҳақида ёшларга сўзлаб берди. Байрам туҳфаларини бир олам қувонч билан қабул қилиб олди.

Шу куни хайрли тадбирлар марҳум генерал-майор Тожиддин Жалилов, истеъфодаги полковник Қаюм Саидов ва бошқа фахрийларнинг хонадонларида ҳам давом эттирилди.

ИИВ Академияси Ахборот хизмати

 

 

Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech