Очиқлик, тезкорлик ва холислик
Рус Ўзб O'z En

Янгиликлар

Эзгу фазилатлар соҳиби эди...

16 Март 2022, 01:03

1336

Ички ишлар вазирлиги академиясида ўтказилган “Уч авлод учрашуви” маънавий-маърифий тадбири марҳум ички ишлар ходими, полковник Холмахамат Зокировнинг ёрқин хотирасига бағишланди.

Тизим фахрийлари, йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимлари, Академия профессор-ўқитувчилари ва курсантлари иштирок этган тадбирни ўқув даргоҳи раҳбари Рустам Хатамов очиб, ички ишлар органларида амалга оширилаётган маънавий-маърифий тадбирларнинг аҳамияти ҳақида тўхталди.

– Хайрли амаллари, инсоний фазилатлари билан умр маҳзанини безаган фидойилар орамизда кўп. Ибрат олса арзигулик касб йўлини босиб ўтган устозларимиздан бири Холмахамат ака Зокиров эди. Бундай инсонларнинг фаолияти соҳа ходимлари, айниқса ёшларни Ватанни севишга, тинчликнинг қадрига етишга, эл-юрт равнақи йўлида ҳалол хизмат қилишга ундайди, – деди ўқув даргоҳи раҳбари  

Чиндан ҳам, Холмахамат Зокиров ички ишлар органларида шонли йўлни босиб ўтган инсонлардан. Унинг салкам ўттиз йиллик заҳматли фаолияти эл-юртимиз осойишталигини таъминлаш йўлида ўтган. У кўп йиллар Тошкент вилояти ИИБ, Тошкент шаҳар ИИББ, кейинчалик Ички ишлар вазирлиги Давлат автомобиль назорати бош бошқармасида раҳбарлик лавозимларида хизмат қилди. Касбига садоқати, камтарлиги, фидойилиги билан ҳамкасблари ва эл-юрт орасида обрў қозонди.

– Холмахамат ака билан бир маҳаллада туғилиб вояга етганмиз, – дейди истеъфодаги полковник Ўскан Абдуҳакимов. – Уларни ҳам маслакдош дўст, ҳам устоз, деб билганман. Тақдир тақозоси билан кўп йиллар елкама-елка хизмат қилиб, касб синовларини биргаликда енгиб ўтдик. Холмахамат ака табиатан камгап, оғир, жиддий салобат бўлсалар-да, ниҳоятда хушфеъл инсон эдилар. Яхшилик қилишни, маҳалла-кўйнинг яхши-ёмон кунида баҳамжиҳат бўлишни хуш кўрардилар.

Сафдошларининг эътироф этишича, эл-юрт осойишталигини таъминлашдек шарафли касбни зиммасига олган ходимлар борки, Холмахамат Зокировнинг инсоний фазилатларига ҳавас қилади. У касб қийинчиликларидан асло чўчимас, мураккаб вазиятларни букилмас иродаси, қатъияти, мулоҳазали чора-тадбирлари билан енгиб ўтарди. Айниқса соҳада иш бошлаган ёш ходимларни алоҳида қадрлаб, бой тажрибаси ва амалий кўникмаларини уларга ўргатарди.

– Жудаям масъулиятпарвар, жонкуяр инсон эди, – дея хотирлайди ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси Фахрийлар кенгаши раиси, истеъфодаги полковник Ғайратжон Болтабоев. – Унинг раҳбарлик, ташаббускорлик қобилиятига ҳавас қилардим. Ҳар қандай ҳолатда ҳам жамоанинг фикрини тинглар, қарор қабул қилишда “етти ўлчаб, бир кесар”ди. Вазирлик тизимида ишлаган йиллари соҳада қатор ислоҳотлар амалга оширилди. Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашнинг ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирлари ишлаб чиқилиб, амалиётга татбиқ этилди. У соҳа учун юзлаб шогирдларни тарбиялади. “Устоз-шогирд” анъаналари асосида камол топган ходимлар бугун йўл ҳаракати хавфсизлиги тизимида самарали хизмат қилишмоқда.   

2004 йилда полковник Холмахамат Зокиров Ички ишлар вазирлиги академияси бошлиғи этиб тайинланди. Ўқув даргоҳида фаолият юритаётган забардаст устозлар ўша йиларни илиқ хотиралар билан ёдга олишади. Холмахамат аканинг саъй-ҳаракатлари билан таълим самарадорлигини ошириш мақсадида Мирзо Улуғбек тумани ички ишлар бўлимида мутахассислик кафедралари филиаллари ташкил этилди. Илмий салоҳиятни юксалтиришга алоҳида эътибор қаратилди. Академияда янги иншоотлар, жумладан, сержантлар таркиби ходимларини тайёрлаш курси тингловчилари учун қўшимча ётоқхона биноси барпо қилинди. Бироқ бевақт ўлим Холмахамат Зокировни 53 ёшда эрта орамиздан олиб кетди. Шундай бўлса-да, унинг залворли умри, бой тажрибаси, эзгу фазилатлари келгуси авлодлар учун хайрли амаллар бўлиб қолди.

– Оилада икки ўғил, икки қиз вояга етдик. Тўғри тарбия олиб, ҳаётда ўз ўрнимизни топишимизда отамнинг улкан ҳиссалари бор. Касб тақозоси билан гоҳида кунлаб уларни кўрмасдик, баъзан оила даврасида йиғилганимизда меҳрларидан тўйиб олардик. Отам қисқа умр кўрдилар, бироқ ҳаммамиз учун ибрат бўла оладиган йўлни босиб ўтдилар. Бугун оиламиз давомчилари, фарзандларим отамнинг ўгитлари билан камол топаётганидан хурсандман, – дейди Шавкат ака Зокиров. 

Тадбирда полковник Холмахамат Зокиров ҳақида қимматли фикрлар билдирилди, унинг ҳаёти ва фаолияти ёритилган ҳужжатли фильм намойиш этилди. Сўзга чиққанлар томонидан ички ишлар органларида маънавий-маърифий ишларни кучайтириш, ёш ходимларни она юртга муҳаббат, танлаган касбига содиқлик руҳида тарбиялашда бу каби учрашувларнинг долзарб аҳамияти борлигини таъкидланди.

 

ИИВ Академияси Ахборот хизмати

Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech