Ички ишлар вазирлиги академиясида Олий Мажлис Сенати ҳузуридаги Ёшлар парламенти аъзолари билан учрашув бўлиб ўтди.
Юртимизда ёшларга оид давлат сиёсатини изчил амалга ошириш мақсадида улкан ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Сўнгги йилларда Ёшлар масалалари бўйича кенгаш, Ёшлар ишлари агентлиги, Олий Мажлис палаталари ҳузурида Ёшлар парламентлари, Инновацион ривожланиш вазирлиги қошида Ёшлар академиясининг ташкил этилгани ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашнинг самарали тизимлари йўлга қўйилди. Бу борада ёшлар манфаатларини ҳимоя қилиш, муаммоларини ўрганиб, парламент минбарига олиб чиқиш, қонун ижодкорлигида ёш ўғил-қизлар иштирокини таъминлашда Сенат ҳузуридаги Ёшлар парламентининг фаолияти эътиборга молик.
Учрашув аввалида меҳмонлар таълим маскани курсантлари учун яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишдилар. Замонавий ўқув хоналари, таълим жараёнига татбиқ қилинган янгича ёндашувлар, ёшларнинг касбий, маънавий-ахлоқий ва жанговар-жисмоний кўникмаларини юксалтиришга қаратилган чора-тадбирлар, китоб ўқиш, дам олиш ва маданий ҳордиқ чиқариш учун яратилган имкониятлар, шунингдек Академияни ривожлантириш истиқболли дастури ҳақида маълумот берилди. Ёшлар парламенти аъзолари фан олимпиадалари, кўрик танлов ва спорт мусобақаларида ютуқларга эришган курсантлар билан мулоқот қилишди.
Ахборот-ресурс марказида ўтказилган учрашувда бир гуруҳ ёш ходимлар, фаол курсантлар ҳамда вазирлик академик лицейлари ўқувчилари иштирок этди. Ёшлар парламенти раиси Моҳистара Муҳаммадюнусова сўзга чиқиб, Академия ёшлари билим ва салоҳият, ватанпарварлик, мардлик, фидойиликда ўз тенгдошларига намуна бўлган ҳолда келгусида ёшлар ташаббусларини қўллаб-қувватлаш бўйича яқин ҳамкорлик ўрнатишдан мамнунлигини билдирди.
ИИВ Академияси Ахборот хизмати