Пойтахтимизда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан нашр этилган “Адиблар хиёбони” китоб-албомининг тақдимоти бўлиб ўтди.
Тадбирда таниқли арбоблар, ёзувчи ва шоирлар, олий таълим муассасалари ва кенг жамоатчилик вакиллари, шунингдек оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Тақдимотда муҳтарам Президентимиз раҳбарлигида миллий адабиётимизни ривожлантириш, тарихда ўчмас из қолдирган аждодларимизнинг бой ижодий меросини ўрганиш ва тарғиб этишга қаратилаётган улкан эътибор ҳақида сўз борди. Эътироф этилганидек, давлатимиз раҳбарининг ғояси ва ташаббуси асосида барпо этилган Адиблар хиёбони маскани бу борадаги эзгу ишларнинг ёрқин тимсоли бўлди. Ушбу масканда шоир ва ёзувчиларимизга эҳтиром рамзи сифатида қад ростлаган ёдгорликлар миллий адабиётимизнинг рамзий кўзгуси, десак муболаға бўлмайди. “Адиблар хиёбони” китоб-албоми ҳам буюк ватандошларимизнинг ҳаёти ва ижоди, ибратли фаолияти ҳақида ҳикоя қилади.
– Ўқув даргоҳимизда атоқли адиб Абдулҳамид Чўлпоннинг илмий мероси катта иштиёқ билан ўрганилмоқда, – дейди 3-босқич курсанти Мафтуна Неъматова. – “Адабиёт халқнинг юраги, элнинг маънавияти кўзгуси” тамойили асосида ўтказилаётган маънавий-маърифий тадбирлар курсант ёшларни она Ватанга, халқимизга ва танлаган касбига садоқат руҳида тарбиялашда муҳим аҳамият касб этмоқда. Иқтидорли ёшлар учун “Чўлпон издошлари” тўгараги ҳамда “Чўлпон” номидаги стипендиянинг ташкил этилгани бу йўлдаги хайрли қадам бўлди. Адабиётимиз дарғаларининг ибратли ҳаётини кенг тарғиб қилиш мақсадида чоп этилган янги рисола Чўлпон каби мард, фидоий, ватанпарвар ёшларни камол топтириш, уларнинг маънавий-ахлоқий фазилатларини юксалтириш, жамиятда китобхонлик маданиятини оширишга хизмат қилади.
Айтиш жоизки, “Адабиёт” нашриёти томонидан 1000 ададда чоп этилган китоб-албомдан Адиблар хиёбонида ўтказилган тадбирларнинг фотолавҳалари ҳам ўрин олган.
ИИВ Академияси Ахборот хизмати