Юртимизда буюк аждодимиз Амир Темур таваллудининг 686 йиллиги кенг нишонланмоқда.
Сана муносабати билан пойтахтимиздаги Амир Темур хиёбонига давлат ва жамоат арбоблари, халқаро ташкилотлар ва дипломатик корпус вакиллари, тарихшунос олимлар, ҳарбий хизматчилар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари, ҳарбий олий таълим муассасалари курсантлари ва ёшлар йиғилди.
Тантанада сўз олганлар Амир Темур ва темурийлар даврининг жаҳон тамаддунида тутган ўрни, миллий давлатчилигимиз тарихини ўрганиш, холис ва ҳаққоний тадқиқ қилиш борасида амалга оширилаётган улкан ишларни эътироф этишди. Ёшлар “Темур тузуклари”дан ёд айтиб, буюк сиймога эҳтиром кўрсатдилар.
Айниқса ҳарбий олий таълим масканлари курсантлари томонидан ижро этилган жанг санъати намуналари ўсиб келаётган ёшларнинг она Ватанимизга садоқат, мардлик, буюк аждодларга муносиб ворислик туйғуларини мустаҳкамлашга хизмат қилди.
Шу куни Темурийлар тарихи давлат музейида соҳибқирон бобомиз таваллудига бағишланган кўргазма ҳам ташкил этилди.
ИИВ Академияси Ахборот хизмати