Очиқлик, тезкорлик ва холислик
Рус Ўзб O'z En

Янгиликлар

БИТИРУВ ТАДБИРИ БЎЛИБ ЎТДИ

08 Май 2022, 05:05

1913

Ички ишлар органлари учун профессионал салоҳияти юқори мутахассис кадрларни тайёрлаш соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларнинг устувор йўналиши саналади. Ана шу мақсадда бундан тўрт йил олдин Ички ишлар вазирлиги академиясида Сиртқи таълим факультети ташкил этилган эди.

Президентимизнинг “Ички ишлар органлари ходимларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида сиртқи таълим йўналишида ўқитиш олий маълумотли ходимлар учун 3 йил, ўрта махсус маълумотли ходимлар учун 4 йил этиб белгиланди.

Куни кеча факультетда тўрт йиллик ўқув дастури асосида таълим олган тингловчиларнинг тантанали битирув маросими бўлиб ўтди.  Унда ИИВ Академияси раҳбарияти, Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, ИИВ Малака ошириш институти мутасаддилари, битирувчилар ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Тадбир аввалида ўқув даргоҳи бошлиғи, полковник Рустам Хатамов сўзга чиқди.

– Сўнгги йилларда муҳтарам Президентимиз ташаббуси билан ички ишлар органлари фаолиятига мутлақо янгича механизмлар жорий қилинди. Ислоҳотлар даврида тизимни қонун устуворлигини таъминлайдиган, халқ манфаатларига хизмат қиладиган халқчил тузилмага айлантириш бош устувор мақсад этиб белгиланди. Айниқса кадрлар тайёрлашнинг сифат жиҳатдан янги босқичга кўратилгани ўзининг ижобий натижаларини кўрсатмоқда, – деди Р.Хатамов.

Айтиш жоизки, ўқув даргоҳида 2004 йилгача фаолият юритган сиртқи таълим йўналишида фақат ички ишлар идоралари ходимлари ўқитилган. Давлатимиз раҳбарининг юқоридаги қарори билан қайтадан ташкил этилган факультетда нафақат ички ишлар, балки бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи тизимларда хизмат қилаётган ходимларнинг таълим олишига имконият яратилди. Шунга кўра, 2018/19 ўқув йилида сиртқи таълим йўналишига ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлардан 400 нафардан ортиқ ўрта-махсус маълумотли номзод қабул қилинди.

Тингловчиларнинг мутахассисликка оид билим ва кўникмаларини мустаҳкамлаш мақсадида ўқув жараёнига илғор педагогик ёндашувлар самарали татбиқ этилди. Машғулотлар малакали профессор-ўқитувчилар билан бир қаторда, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамда турдош олий таълим муассасаларининг тажрибали мутахассислари томонидан олиб борилди. Шунингдек, ҳудудий ички ишлар органларида малакавий амалиётлар ташкил қилинди. Ўқув йили якуни бўйича тингловчилар давлат аттестацияси имтиҳонларини топширдилар.

Тадбирда Академия бошлиғи битирувчилар она Ватанимиз ва халқимизга садоқат билан хизмат қилиб, ўз бурчларини юксак шараф,  фидоийлик, юртга дахлдорлик ҳисси билан адо этишлари лозимлигини алоҳида таъкидлаб ўтди. Шундан сўнг ўқишни муваффақиятли тамомлаган тингловчиларга олий маълумотли “юрист” малакасини берувчи дипломлар тантанали равишда топширилди.

– Ички ишлар органларида 19 йилдан бери хизмат қиламан, – дейди битирувчи Зебо Адилова. – Ҳуқуқшунос малакасига эга бўлмаганим касбий ўсишимга таъсир қилаётган эди. Муҳтарам Президентимиз қарорлари билан сиртқи таълим йўналишининг ташкил қилингани мен қатори кўплаб касбдошларимга улкан имконият яратди. Ўқиш давомида мутахассисликка оид назарий билим ва амалий кўникмаларни чуқур ўзлаштирдим. Устозларим берган таълим келгуси фаолиятимда мустаҳкам пойдевор бўлади, албатта.

Шу куни Миллий гвардия қўмондони ўринбосари, полковник Сарвар Мамаюсупов, битирувчилардан Дониёр Марипов, Дилрабо Норбоева сўз олиб, давлатимиз томонидан профессионал кадрлар тайёрлаш йўлида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни эътироф этдилар.

 

ИИВ Академияси Ахборот хизмати

Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech