Абдулла Орипов шеъриятининг инсон руҳиятига маънавий қувват берадиган беқиёс қудрати бор. Шоир мисраларини ўқиган киши унинг буюк сўз соҳиби эканлигига тан бермай иложи йўқ.
Ички ишлар вазирлиги академиясида бўлиб ўтган адабий кеча Ўзбекистон Қаҳрамони Абдулла Ориповнинг ижодига бағишланди. Тадбирда адабиётшунос олимлар, Академия профессор-ўқитувчилари ва ижодкор курсантлар иштирок этди. Сўз олганлар ўзбек адабиёти ривожига улкан ҳисса қўшган шоирнинг ҳаёти, серқирра фаолияти, бетакрор ижодий меросига тўхталиб ўтдилар.
– Юртимизда шоир шеърлари кириб бормаган хонадоннинг ўзи йўқ, – деди филология фанлари доктори, профессор Ёрқинжон Одилов. – Атоқли адиб ижодида инсонни қадрини улуғлаш ғоялари уфуриб туради. Бунда, энг аввало, инсонийлик, адолат, меҳр-оқибат, бағрикенглик, табиатни севиш, эзгулик қилиш каби пок туйғулар тараннум этилган. Айни жиҳатлари билан Абдулла Орипов шеърияти кишини ўзига мафтун этаверади.
Кечада ёшлар камолотида адабиётнинг ўрни, шоир меросининг аҳамияти ҳақида илиқ мулоҳазалар билдирилди. Абдулла Орипов шеърларидан ёд айтилгани шоирнинг барҳаёт хотирасига улкан эҳтиром бўлди.
ИИВ Академияси Ахборот хизмати