Очиқлик, тезкорлик ва холислик
Рус Ўзб O'z En

Янгиликлар

Амалий натижадорлик – асосий мезон

09 Март 2022, 10:03

1278

ИИВ Академияси ишчи гуруҳи томонидан Янгийўл шаҳридаги “Рамадон” маҳалласининг криминоген аҳволи ўрганилиб, жиноятчиликнинг ортишига сабаб бўлаётган омиллар аниқланди.

Ўтган йил давомида маҳаллада ўғирлик, фирибгарлик, талончилик, тан жароҳати етказиш ва бошқа турдаги жиноятлар содир этилган. Бироқ профилактик чора-тадбирлар натижасида аксарият жиноят ва ҳуқуқбузарликлар барвақт олди олиниб, умумий криминоген вазият нисбатан яхшиланган. Ҳозирда маҳалла “сариқ” тоифадаги ҳудуддан жой олган.

Жиноятларнинг сабаб ва шарт-шароитлари таҳлил қилинганда, аксарият ҳолларда доимий иш ўрнига банд бўлмаган фуқаролар томонидан ушбу иллатларга қўл урилгани, аҳоли орасида ҳуқуқий тарғибот тадбирларининг етарли даражада олиб борилмагани, маҳалла ёшлари ва аҳоли учун қўшимча иш ўринларининг яратилмагани, шунингдек кўп қаватли уйлар атрофи кузатув камералари билан тўлиқ қамраб олинмагани маълум бўлди.

Ишчи гуруҳи томонидан мавжуд аҳвол жойларга чиққан ҳолда ўрганилиб, криминоген вазиятга салбий таъсир кўрсатувчи омилларни бартараф этиш юзасидан таклифлар ишлаб чиқилди. Янгийўл шаҳар ҳокимлиги мутасаддилари, секторлар вакиллари ва маҳалла фаоллари билан биргаликда фуқаролардан келиб тушаётган мурожаатларни ўз вақтида ҳал этиш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ҳамда жиноятчиликни жиловлаш бўйича “фуқаробай” ишлаш тизимини янада такомиллаштириш бўйича зарур вазифалар белгилаб олинди.

Кези келганда айтиш жоизки, маҳаллаларда жиноятчиликни жиловлаш профилактик ишларни манзилли ташкил этишни тақозо этади. Ишчи гуруҳи аъзоларининг жойларда ўтказган сайёр учрашувлари чоғида муаммоларнинг амалий ечимлари билан бирга, фаолиятда юқори самарадорликка эришишга ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

ИИВ Академияси Ахборот хизмати

 

 

Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech