17-28 ноябрь кунлари ИИВ академиясида Хитой жамоат хавфсизлиги университети вакиллари учун ўқув курси ташкил қилинди.
Ўқув курси доирасида ўзаро ҳамкорлик ва тажриба алмашинувини кенгайтиришга қаратилган қатор тадбирлар ўтказилди. Хусусан, академия профессор-ўқитувчилари томонидан “Маҳаллаларда хавфсиз муҳит яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш: Ўзбекистон тажрибаси”, “Жамоат хавфсизлигини таъминлашнинг устувор йўналишлари”, “Рақамли криминалистиканинг замонавий имкониятлари”, “Трансмиллий жиноятларга қарши курашишда халқаро ҳамкорлик”, “Ҳуқуқни муҳофаза килувчи органлар фаолиятида инсон ҳуқуқларини таъминлаш” каби мавзуларда интерфаол машғулотлар ўтказилди.
Шунингдек университет мутахассислари ва талабалари ҳудудий ички ишлар органларига ташриф буюриб, жамоат хавфсизлигини таъминлаш, жиноятчиликка қарши курашиш, хавфсиз туризмни таъминлаш, аҳоли билан яқин ҳамкорликда ишлаш бўйича амалиётга татбиқ қилинган энг илғор ёндашувларни ўргандилар.
Пойтахтимиз ва Самарқанд шаҳрининг диққатга сазовор масканларига саёҳат юртимизнинг бой тарихи, халқимизнинг миллий маданияти, мамлакатимизда кечаётган улкан янгиланишлар ҳақида янада кенгроқ таассурот олиш имконини берган бўлса, спорт фестиваллари дўстона алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилди.
Ўқув курси якунлари муносабати билан ўтказилган тадбирда академия бошлиғи Рустам Хатамов сўз олиб, Ўзбекистон ва Хитойнинг турдош таълим муассасалари ўртасида йўлга қўйилган самарали ҳамкорлик асосида эришилаётган натижаларни алоҳида эътироф этди.
Ўз навбатида, Хитой делегацияси раҳбари Янг Гуаншенг ўқув курси Ўзбекистоннинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар учун кадрлар тайёрлаш тизимидаги миллий ёндашувларни ўрганиш, илғор тажрибаларни алмашиш, университет талабаларининг билим ва душёқарашини юксалтиришда муҳим аҳамият касб этганини мамнуният билан таъкидлаб ўтди.
Учрашувда томонлар ҳамкорлик алоқаларининг изчил ривожланишидан манфаатдор эканликларини яна бир бор қайд этдилар. Шундан сўнг университет вакилларига ўқув курсини муваффақиятли тамомлаганликлари тўғрисидаги сертификатлар топширилди.
ИИВ академияси Ахборот хизмати