Очиқлик, тезкорлик ва холислик
Öz Ўзб Рус En

Янгиликлар

Оилалар тинчлиги – маҳалла фаровонлиги

17 Ноябр 2026, 20:59

115

Маҳаллаларда жиноятчиликни жиловлашда аҳоли билан манзилли ишлаш, муаммоларни манзилли ҳал қилиш, ҳар бир хонадон, оилада соғлом маънавий муҳитни қарор топтириш муҳим аҳамият касб этади.

ИИВ академия вакиллари томонидан Пискент туманида олиб борилаётган ўрганишлар давомида шу жиҳатларга эътибор қаратилиб, ечимини кутаётган масалалар масъуллар ва “маҳалла еттилиги” вакиллари билан биргаликда ҳал қилинмоқда.

Ишчи гуруҳ томонидан шу кунгача 10 га яқин маҳалланинг криминоген вазияти жойларга чиққан ҳолда ўрганилди. Ҳудудларда содир этилаётган жиноятлар, уларнинг асл омиллари таҳлил қилиниб, долзарб чора-тадбирлар белгилаб олинди.

Хусусан, “Мўминобод”, “Чимқўрғон”, “Саидобод”, “Дўнгқўрғон” маҳаллаларида фаоллар билан учрашувлар ўтказилди. “Хонадонбай”, “фуқаробай” тизимда амалга оширилаётган ишлар ўрганилиб, алоҳида тоифадаги шахслар билан манзилли ишлаш, ижтимоий профилактикани кучайтириш, оилавий-маиший низоларнинг барвақт олдини олиш юзасидан масъулларга тавсиялар берилди.

“Лола ариқ” маҳалласидаги 9-сонли умумтаълим мактабида ўқувчилар ўртасида жиноятчиликнинг олдини олиш, уларни турли иллат ва ёт ғоялар таъсиридан асраш, уюшмаган ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, бандлигини таъминлаш ва ҳуқуқий маданиятини ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Ёшлар томонидан содир қилинаётган аксарият жиноятлар назоратсизлик оқибатида келиб чиқаётгани боис, “Митан” ва “Ойбек” маҳаллаларида фаолият юритаётган компьютер клубларида профилактик тадбирларни мунтазам ташкил этиб бориш, вояга етмаганларнинг тунги вақтларда назоратсиз юришининг олдини олиш чоралари кўрилди.

Бундан ташқари, “Пискент”, “Муротали” деҳқон бозорлари, “Чимқўрғон” мол бозори ҳудудида йўлга қўйилган хавфсизлик чоралари, патруль-пост ва қўриқлаш хизматлари фаолияти ўрганилди. “Оқтепа” маҳалласидаги корхона ва ташкилотлар мутасаддилари билан объектларни жисмоний ва техник қўриқловга олиш масалалари муҳокама қилинди.

Ҳудудларни ўрганиш жараёнида аҳолини кибержиноятлардан ҳимоя қилишга ҳам эътибор қаратилмоқда. Мазкур йўналишдаги ишларни самарали ташкил этиш мақсадида маҳалла фаоллари ва масъулларга алоҳининг кибер маданиятини юксалтириш, уларнинг уяли алоқа воситаларига “APK Qo‘riqchi” ва бошқа иловаларни улаб бериш, киберфирибгарликнинг замонавий кўринишларидан огоҳ этиб бориш борасида тавсиялар берилмоқда.

Айтиш жоизки, ички ишлар вазирининг жорий йил 8 сентябрдаги фармойиши асосида олиб борилаётган ўрганишлар давомида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, жиноятчиликка қарши курашиш ва уларнинг олдини олиш, жамоат тартибини сақлаш таъминлаш ва йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, жиноятларни тергов қилиш, ҳудудларни камералаштириш ҳамда бошқа йўналишдаги ишлар тизимли таҳлил қилиниб, амалиёт органларига услубий-амалий ёрдам кўрсатилмоқда.

ИИВ академияси Ахборот хизмати

Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech