Ички ишлар вазирлиги академияси ишчи гуруҳи томонидан Мирзо Улуғбек туманининг “Подшобоғ” маҳалласида ўрганишлар олиб борилди.
Ўрганишлар аввалида маҳалланинг криминоген вазияти “еттилик” вакиллари ва масъуллар иштирокида муҳокама қилинди. Таъкидланганидек, жорий йил давомида маҳаллада олдини олиш мумкин бўлган 8 та жиноят қайд этилган. Хонадонларнинг 16 таси “қизил”, 308 таси “сариқ” тоифага киритилган бўлиб, 30 нафардан зиёд алоҳида тоифадаги шахс рўйхатга олинган.
Йиғилишда жиноятларнинг асл омиллари, жамоат хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, ижтимоий профилактикани ташкил этиш, аҳоли муаммоларини ҳал қилиш, мурожаатлар билан ишлаш, ҳудудларни камералаштириш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар, манзилли “йўл харита”лар ижроси, фаолиятдаги айрим камчиликлар таҳлил қилинди.
Академия бошлиғи маҳаллаларни жиноятдан холи ҳудудга айлаштириш давлатимиз раҳбарининг доимий эътиборида бўлиб келаётган долзарб масала эканлигини таъкидлади. Шу боис, профилактика ишларини тизимли ташкил этиш, аҳоли билан доимий мулоқотда бўлиш, жиноятчилик омилларини барвақт аниқлаш, алоҳида тоифадаги шахсларнинг муаммоларини назоратга олиш, ҳар бир хонадонга хавфсиз муҳитни олиб кириш зарурлигини айтиб ўтди.
Шу куни аҳоли гавжум жойларнинг криминоген вазияти, ҳудудларда ўрнатилган камералар, ташвиш тугмалари, домофон ва бошқа қурилмаларнинг техник ҳолати ўрганилди. Масъулларга камералаштириш ва техник қўриқловга олиш қамровини ошириш, чақирув бўйича воқеа жойига зудлик билан етиб бориш, криминоген вазиятга хавф солиши мумкин бўлган ҳолатларнинг олдини олиш, патруллик гуруҳлари фаолиятини кучайтириш юзасидан кўрсатмалар берилди.
Ўрганишлар якунида долзарб вазифаларнинг ижросини таъминлаш, ҳамкорликдаги ишлар самарадорлигини ошириш орқали маҳаллани “яшил” тоифага ўтказиш бўйича қатор чора-тадбирлар белгилаб олинди.
ИИВ академияси Ахборот хизмати