Очиқлик, тезкорлик ва холислик
Öz Ўзб Рус En

Янгиликлар

Манфаатли ҳамкорлик изчил ривожланмоқда

17 Ноябр 2026, 21:57

98

Таълим соҳасида ҳамкорлик Ўзбекистон – Хитой алоқаларининг муҳим ва истиқболли йўналишларидан бири ҳисобланади.

Ички ишлар вазирлиги академиясида Хитой жамоат хавфсизлиги университети вакиллари учун навбатдаги ўқув курси ташкил қилинди.

Машғулотлар олдидан академия раҳбари Рустам Хатамов ҳамда Янг Гуаншенг бошчилигидаги университет профессор-ўқитувчилари ва талабалари иштирокида учрашув бўлиб ўтди.

Учрашувда Ўзбекистон – Хитой алоқаларининг бугунги ҳолати, манфаатли соҳаларда эришилаётган натижалар ҳақида сўз борди. Таъкидланганидек, икки томонлама муносабатларда ўзаро ишонч руҳининг устуворлиги ҳамкорлик алоқаларини изчил ривожлантириш ва янги сифат босқичига олиб чиқишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Кейинги йилларда глобал хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш, замонавий таҳдид ва хатарларнинг олдини олиш, трансмиллий жиноятларга қарши курашиш, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи тузилмалар учун кадрлар тайёрлаш йўналишида амалий ҳамкорлик сезиларли даражада фаоллашди. Икки мамлакат турдош олий таълим муассасалари ўртасида манфаатли лойиҳаларни амалга ошириш ва илғор тажрибаларни алмашиш имконияти кенгайди.

Академия бошлиғи меморандум асосида ташкил этилаётган ўқув курслари кадрлар салоҳиятини ошириш, замонавий ёндашувларни миллий таълим тизимига жорий этиш, академик мобиллик ва халқаро ҳамкорликни ривожлантириш, энг муҳими, дўстона муносабатларни мустаҳкамлашга хизмат қилаётганини алоҳида таъкидлади.

Шу куннинг ўзида университет вакиллари академия фаолияти билан яқиндан танишди. Меҳмонларга ўқув жараёнлари, бакалавриат ва магистратура босқичида йўлга қўйилган мутахассислик йўналишлари, назария ва амалиёт уйғунлигини таъминлашга қаратилган янгича ёндашувлар, таълим олувчилар учун яратилган имкониятлар, академиянинг халқаро ҳамкорлик алоқалари ҳақида маълумот берилди.

Хитойлик меҳмонлар учун ташкил этилган ўқув курслари 28 ноябрь кунига қадар даво этади.

ИИВ академияси Ахборот хизмати

Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech