Ўз Ру En
×

ЖИНОЯТЧИЛИККА ҚАРШИ ҚАНДАЙ КУРАШИШ КЕРАК?

Ички ишлар вазирлиги академиясининг Илмий-амалий тадқиқотлар маркази томонидан чоп эттирилган амалий қўлланмалар айни шу саволга жавоб беради.

Мазкур қўлланмалар Ички ишлар вазирининг 2019 йил 24 январдаги “Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида илмий ёндашувлар асосида ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, жиноятчиликни жиловлаш ҳамда жамоат хавфсизлигини таъминлаш бўйича янги методик ва ўзига хос тажриба яратишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармойиши асосида мазкур вилоятларнинг криминоген ҳолатини ўрганиш натижасида тайёрланди.

Дастлабки учта қўлланмада талончилик, безорилик ва босқинчилик жиноятларининг жиноий-ҳуқуқий, криминологик ҳамда криминалистик таснифлари, сабаблари ва содир этилиши учун имкон бераётган шарт-шароитлар, уларни барвақт олдини олиш бўйича профилактика тадбирларини олиб боришга қаратилган тавсиялар келтирилади. Ҳудудларда ўтказилган тадқиқоқ натижалари асосида муаллифлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар, хусусан, ички ишлар органлари ходимларининг ҳуқуқбузарликлар ҳамда жиноятчиликка қарши курашиш фаолиятининг муҳим жиҳатларига эътибор қаратишган.

Марказ илмий ходимлари томонидан нашрдан чиқарилган яна бир қўлланма “Ёшлар ўртасидаги жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш бўйича ҳудуд методикаси” деб номланади. Унда Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятлари Ички ишлар бошқармалари ҳузуридаги Тергов бошқармаларининг 2018-19 йиллар давомида тергов қилиниб, судга юборилган жиноят ишлари бўйича тузилган айблов хулосалари батафсил ўрганилган. Тадқиқотларга кўра, 2019 йилда республикамизда жиноят содир этган шахсларнинг 25,6 фоизини ўттиз ёшгача бўлган ёшлар ташкил этади. Сўнгги йилларда бу кўрсаткич пасайиб бораётган бўлса-да, ёшлар жиноятчилигининг олдини олиш масаласи долзарблигича қолмоқда. Қўлланмада айни соҳага оид таклиф ва тавсиялар келтирилган бўлиб, ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий салоҳияти, аҳолининг демокрафик таркиби, бандлик даражаси, ёшларни фойдали меҳнатга жалб қилиш бўйича яратилган шарт-шароитлар ҳамда бошқа омиллар инобатга олинган. Тадқиқот натижалари умумлаштирилиб, таҳлилий ечимлар келтириб ўтилган.

Шунингдек, “Аёллар жиноятчилигининг барвақт олдини олиш бўйича ҳудуд методикаси” қўлланмасида хотин-қизлар томонидан содир этилаётган жиноятлар чуқур ўрганилган. Муаллифларнинг фикрича, аёллар жиноятчилигида муқаддам жазо ўтаб чиқиб, қайта жиноят содир этаётганлар салмоқли ўринни эгаллайди. Бунинг асосий сабабларидан бири уларнинг жамиятга мослаша олмаганлигидир. Шу боис, илгари судланган аёлларни жамиятда муносиб ўрин топиши, оилавий шароити ва муҳитини яхшилаш, касбга йўналтирилган курсларда бепул ўқитиш, маълумотидан келиб чиқиб иш билан таъминлаш, оилавий тадбиркорлик билан шуғулланишга қизиқтириш ва реабилитация марказларида ўз вақтида руҳий ҳамда жисмоний соғлигини тиклашга қаратилган мақсадли профилактик чора-тадбирлар мунтазам ўтказилиши лозим.

Қўлланмаларнинг яна бир аҳамиятли жиҳати шундаки, унда ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга оширувчи субъектларга уларнинг ваколатидан келб чиқиб бажарилиши лозим бўлган чора-тадбирлар тавсия сифатида кўрсатилган. Мазкур қўлланмалар Қорақалпоғистон Республикаси ИИВ, Тошкент шаҳар ИИББ ҳамда вилоятлар ички ишлар бошқармаларига юборилди.  

Жамшид ХОЛОВ,

катта лейтенант.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech