Ўз Ру En
×

ЖАҲОЛАТГА ЭЛТУВЧИ ЙЎЛ

Коррупция, оддий тил билан айтганда, порахўрлик дунё бўйлаб илдиз отган иллат. Унинг хавфли томони жамият илдизига болта ўришидадир. Унга қарши кенг қамровли кураш олиб борилаётганига қарамай, жаҳон ҳамжамияти ҳалигача коррупция ташвишидан тўла халос бўлганича йўқ. 

Мамлакатимизда коррупцияга қарши кескин курашиш қонун билан мустаҳкамлаб қўйилган. Бироқ моддий ёхуд бошқа манфаат туфайли унинг домига тушиб қолган кимсалар ҳам, афсуски, орамизда йўқ эмас. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи, айниқса ички ишлар органлари томонидан коррупциянинг олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар жамиятда ушбу иллатнинг сезиларли камайишида омил бўлмоқда. Аммо бефарқлик ва ҳушёрликни қўлдан бой бериш жирканч зараркунанданинг яна илдиз отиб, хатарли таҳдидга айланишига йўл очади.

ИИВ Ўз хавфсизлиги бошқармасининг вазирлик Академияси бўйича бўлими томонидан ўтказилган йиғилишда ички ишлар органларида коррупциявий ҳолатларга барҳам бериш, тизимда соғлом маънавий муҳитни қарор топтириш масалалари ҳақида сўз борди. Йиғилишда таъкидланганидек, коррупция маълум касб ёки соҳани танламайди. Унга қарши курашишнинг бирдан-бир йўли – жамиятда ҳуқуқий онг ва маданиятни юксалтиришдир. Маънавий етук, соғлом ва мустақил фикрлайдиган киши ҳар қандай шароитда таъмагирлик, порахўрликка қўл урмайди. 

Бугун барча соҳалар каби, ички ишлар органлари тизимида ҳам кенг қамровли ислоҳотлар амалга ошириб келинмоқда. Ходимларнинг касбий ва ахлоқий фазилатларини юксалтириш, ижтимоий муҳофазасини кучайтириш асносида жамият фаровонлигига рахна солувчи коррупцияга қарши муҳим профилактик ишлар қилиняпти. Тизимда хизмат интизоми ва қонунийликни янада мустаҳкамлаш ходимларни ушбу иллат таъсиридан халос этишга хизмат қилади.   

Тадбир сўнггида “Жаҳолат қурбонлари” фильми намойиш қилинди.

 

ИИВ Академиясининг Ахборот хизмати

 

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech