Ўз Ру En
×

Ўзбекистон ифтихорлари билан учрашув  

 

Жаҳонда юртимиз спортчиларининг довруғини эшитмаган ёхуд билмаган мамлакат бўлмаса керак. Сўнгги йилларда умидли ёшларимиз эришаётган ютуқлар дунё ҳамжамияти томонидан муносиб эътироф этилмоқда.

Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида бўлиб ўтган сўнгги олимпиада ўйинлари мамлакатимиз спортчиларининг чинакам маҳоратини яна бир карра намоён этди, десак муболаға бўлмайди. Ўша тарихий мусобақада терма жамоамиз жами 13 медални қўлга киритиб, қитъада Хитой, Япония ва Жанубий Кореядан кейин тўртинчи ўринни эгаллаганди. Албатта, бу ҳам мамлакатимизда жисмоний тарбия ва спортни янада ривожлантиришга қаратилган юксак эътибор мевасидир.

Ички ишлар вазирлиги академиясида ўтказилган тадбирга халқаро ареналарда юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилаётган спортчилар таклиф этилди. Таълим муассасаси ўқитувчи-мураббийлари ҳамда курсантлари иштирок этган тадбирда сўзга чиққанлар муҳтарам Президентимиз раҳнамолиги билан юртимизда спортнинг барча турлари жадал ривожланаётганини алоҳида эътироф этишди.

Учрашувда таниқли боскчилар Баҳодир Жалолов, Шунқор Абдурасулов, оғир атлетика устаси Руслан Нуриддинов ва бошқалар сўзга чиқиб, ўз фаолиятлари ҳамда спортда эришган ютуқлари ҳақида сўзлаб беришди.

– Соғлом ва баркамол авлод тарбиясида спорт муҳим ўрин тутади, – деди халқаро тоифадаги спорт устаси, бокс бўйича Осиё чемпиоантлари совриндори Ёдгорой Мирзаева. – Шу боис, кейинги йилларда қизлар спортини ривожлантиришга ҳам улкан эътибор қаратиляпти. Академияда билим олаётган спортчи қизларни кўриб, хурсанд бўлдим. Келгусида ижодий ҳамкорликни йўлга қўйиб, қизлар ўртасида боксни янада оммалаштиришни мақсад қилдик.

Шу куни меҳмонлар Академия ёшларининг жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишлари учун яратилган замонавий шарт-шароитлар билан танишиб, курсантларнинг мамлакатимиз ва жаҳонда эришаётган натижаларига юқори баҳо беришди.

 

ИИВ Академияси матбуот хизмати

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech