Ўз Ру En
×

“ЎЗБЕК ТИЛИГА МЕҲРИМ – ЮРТИМГА БЎЛГАН ЧЕКСИЗ МУҲАББАТИМДАН...”

14 январь – Ватан ҳимоячилари куни

Ватанни ҳимоя қилиш – эр-йигитнинг иши, дейишади. Аммо орамизда юрт тинчлиги ва осойишталиги учун ҳаётини бағишлаган, эгнига ҳарбий либос кийиб, эркаклар билан елкама-елка хизмат қилаётган фидоий ходималар ҳам кўп.

2000 йили Ички ишлар вазирлиги академиясини 28 нафар қиз тамомлади. Улар орасида жуссаси ўзига ярашган, малласоч Светлана Селиманова ҳам бор эди. Билим олишга талабчан, шижоатли қиз ҳали  тингловчилик пайтидаёқ устозларининг эътиборини қозонганди. Балки унинг хизмат фаолиятини Академияда давом эттиришига ҳам шу туртки бергандир. Ўшанда ёш лейтенантни Маъмурий ҳуқуқ кафедрасининг кабинет бошлиғи лавозимига тайинлашди.

Светлана Михайловнанинг ҳаёти шу кафедра билан чамбасчас боғланган, десак нотўғри бўлмайди. Унинг педагог, моҳир тарбиячи сифатида шаклланишида тажрибали устозларининг хизматлари катта бўлди. Изланиш ва интилишни ўзига шиор қилган қаҳрамонимиз улардан машаққатли касбининг сир-асрорларини пухта ўрганди. У замонга мос ўқитувчи бўлиш учун илмий салоҳиятнинг нечоғлик муҳим аҳамият касб этишини яхши англарди. Шу боис, илмий тадқиқот ишларини ҳам бир четга суриб қўймади. Юридик фанлар бўйича номзодлик диссертациясини муваффақиятли ҳимоя қилгач, доцент унвонига сазовор бўлди.

Инсоннинг жамиятда ўз ўрнини топиши, муваффақият пиллапоясидан юқорилаб боришида касбига бўлган эътиқоди муҳим саналади. Светлана Михайловна ҳам касбини жуда қадрлайдиган, меҳнатининг роҳатидан завқ оладиган аёл. Табиатан очиқкўнгил ҳамкасбимиз билан суҳбатлашиш чоғида унинг зеҳниятидаги самимийлик, меҳрибонлик, ички ишлар ходимларига хос қатъият, матонат, кучли иродани пайқаш қийин эмас. Шунинг учунми, уни жамоада жуда ҳурмат қилишади.

Юридик фанлар доктори, профессор Светлана Селиманова бир неча йилдан бери Маъмурий ҳуқуқ кафедрасини бошқариб келмоқда. У таълим муассасасининг илмий салоҳиятини юксалтириш, кадрлар тайёрлаш самарадорлигини оширишга муносиб ҳисса қўшиб келяпти. 2020 йил унинг ички ишлар органларидаги хизматлари “полковник” унвони билан тақдирланганини ҳам айтиб ўтиш лозим.

Светлана Михайловна маъмурий қонунчиликни янада такомиллаштиришга қаратилган тадқиқотларини давом эттиряпти. Сўнгги йилларда унинг илмий раҳбарлиги остида бир неча ёш ходимлар юридик фанлар бўйича фалсафа доктори диссертациясини муваффақиятли ҳимоя қилишди.

 Кези келганда, ҳамкасбимизнинг яна бир ютуғини айтмасак бўлмас. Светлана Михайловна нафақат рус ва инглиз, балки она тилимизни ҳам мукаммал билади. Унинг ўзбекона лутфда сўзлашидан ҳайратланмай иложингиз йўқ. “Шу заминда туғилиб ўсдим, касб эгаси бўлдим. Ўзбек тилига меҳрим – юртимга бўлган чексиз муҳаббатимдан”, - дейди у.

 

Жамшид ХОЛОВ,

катта лейтенант.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech