Ўз Ру En
×

Ўзаро ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланди

Ички ишлар вазирлиги академияси билан Россия Федерацияси Тергов қўмитасининг Санкт-Петербург академияси ўртасида замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан самарали фойдаланган ҳолда онлайн тарзда ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум имзоланди. Ўтказилган видеомулоқотда таълим муассасалари раҳбарияти ва профессор-ўқитувчилар иштирок этди.

Онлайн тарзда ўтказилган тадбир чоғида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги академияси бошлиғи, генерал-лейтенант Баҳодир Матлюбов ҳамда Россия Федерацияси Тергов қўмитасининг Санкт-Петербург академияси ректори, генерал-лейтенант Александр Ефремов давлатларимиз ўртасидаги алоқалар барча соҳаларда изчил ривожланиб бораётганини алоҳида эътироф этишди.

– Ҳозирги кунда Академиямиз хорижий мамлакатларнинг ўндан зиёд турдош олий таълим муаассасалари билан самарали ҳамкорликни давом эттирмоқда, – деди Б.А. Матлюбов. – Ўтган йилнинг ўзида Академиянинг олтмишдан зиёд профессор-ўқитувчилари ва олтмиш нафарга яқин курсантлари хорижий мамлакатларда ташкил этилган ўқув семинарлари ва малака ошириш курсларида тажриба алмашиб қайтишди. Шу маънода ҳам, мазкур йўналишдаги ҳамкорлик кўламини янада кенгайтиришдан манфаатдормиз.

Таъкидлаб ўтилганидек, ИИВ Академияси Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти, Туркия Ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлиги, Халқаро полиция Академияси ассоциацияси, Европа Иттифоқининг Будапешт шаҳридаги Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари ходимларини тайёрлаш бўйича агентлиги, БМТнинг наркотиклар уюшган жиноятчиликка қарши кураш бошқармаси ҳамда бошқа халқаро ташкилотлар билан самарали ҳамкорликни йўлга қўйган. Бундан ташқари, Хитой Халқ Республикаси Жамоат хавфсизлиги университети, Россия Федерацияси Ички ишлар вазирлигининг Волгоград академияси, Краснодар университети, Барнаул ва Орёл юридик институтлари, Туркия полиция академияси, Беларусь Республикаси Ички ишлар вазирлиги академияси, Қозоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Олмаота академияси, Гужарат суд экспертизалари университети билан имзоланган келишувлар ўзаро тажриба алмашиш, ички ишлар органлари учун малакали кадрлар тайёрлаш, ҳамкорликда илмий-тадқиқотларни амалга оширишга кенг йўл очмоқда.

Мулоқот чоғида Ички ишлар вазирлиги академиясининг кадрлар тайёрлаш салоҳияти, ўқув жараёнидаги янгиланишлар, таълим тизимини ривожлантиришга қаратилган истиқболли дастурлар ҳақида маълумот бериб ўтилди. Ўз навбатида, Санкт-Петербург академияси ректори, генерал-лейтенант Александр Ефремов самимий руҳда ташкил этилган тадбир учун миннатдорлик билдирди.

– Бугун жаҳон ҳамжамияти томонидан «Янгиланаётган Ўзбекистон» атамаси кўп эътироф этилаяпти. Бу мамлакатнинг ҳар жабҳада тараққиётга эришаётганидан далолат беради. Россия ва Ўзбекистон муносабатларида таълим соҳасидаги ҳамкорлик ҳам муҳим аҳамият касб этади. Жаҳонда юз бераётган воқеа-ҳодисалар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар учун профессионал кадрлар, хусусан, малакали терговчиларни тайёрлаш ва ўзаро тажриба алмашишни тақозо этаётганини инобатга олсак, бугунги мулоқотимиз ҳар икки томон учун фойдадан холи бўлмайди. Асосий мақсадимиз кадрлар тайёрлаш борасида Ўзбекистон тажрибасини ўрганиш ва ўзаро алоқаларни барча соҳаларда самарали давом эттиришдир, – деди у.

Шундан сўнг томонлар ҳамкорлик баённомасини имзоладилар. Мулоқот давомида тизим учун малакали мутахассис кадрлар, хусусан терговчилар тайёрлашда ўзаро тажриба алмашиш, замонавий ахборот технологиялари ва инновацион ютуқлардан самарали фойдаланиш, биргаликда илмий-техник ва методик лойиҳалар ишлаб чиқиш ва амалиётга татбиқ этиш, суд-тергов фаолиятида учраётган муаммоларни ҳал этиш бўйича биргаликда илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш, профессор-ўқитувчиларнинг касбий маҳорати ва малакасини ошириш, шунингдек маданий алоқаларни кенгайтириш юзасидан фикрлар алмашилди.

 

Жамшид ХОЛОВ,

катта лейтенант.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech