Ўз Ру En
×

ЗАКИЙ ОЛИМ, МЕҲРИБОН УСТОЗ ЭДИ

Ички ишлар вазирлиги академиясининг Фуқаролик-ҳуқуқий фанлар кафедраси профессори, юридик фанлар доктори, профессор Эминжон Эгамбердиев 78 ёшида фоний дунёни тарк этди.

Унинг болалиги Фарғона туманида ўтди. Ўрта умумтаълим мактабини тамомлагач, Тошкент давлат университети (ҳозирги Ўзбекистон миллий университети)да таҳсил олди. 1970 йили ушбу даргоҳни имтиёзли диплом билан тугатиб, меҳнат фаолиятини университетнинг Ҳуқуқшунослик факультетида бошлади. У ўқув масканида катта лаборант, аспирант, ўқитувчи, катта ўқитувчи ва доцент лавозимларида ишлади.

Эминжон Эгамбердиев 1991–2002 йиллар Тошкент давлат юридик институтида турли масъул лавозимларда меҳнат қилди. Таълим жараёнини самарали ташкил этиш, соҳа учун етук малакали ҳуқуқшунос кадрлар тайёрлаш, ўқув даргоҳининг илмий салоҳиятини юксалтиришда жонбозлик кўрсатди. Ҳуқуқшуносликнинг долзарб муаммолари устида илмий тадқиқотлар олиб бориб, ёш тадқиқотчиларга илмий раҳбарлик қилди. 2002–2015 йиллари Ўзбекистон миллий университетининг Ҳуқуқшунослик факультетида кафедра мудири, Сиртқи бўлим деканининг муовини, кафедра профессори сифатида ўзининг бой илмий салоҳияти ва амалий тажрибасини таълим-тарбия жараёнига бағишлади.

Эминжон Эгамбердиевнинг Ички ишлар вазирлиги академиясидаги илмий-педагогик фаолиятини алоҳида таъкидлаш керак. У 2015 йилдан буён таълим муассасасининг Фуқаролик-ҳуқуқий фанлар кафедраси профессори лавозимида ишлаб келаётган эди. Шу давр мобайнида кафедра жамоаси кўп жабҳада ютуқларни қўлга киритди. Устоз тингловчи-курсантларга сабоқ бериш билан бирга, мамлакатимизнинг фуқаролик қонунчилигини такомиллаштириш, янги таҳрирдаги Фуқаролик процессуал кодексини тайёрлаш ҳамда ҳуқуқий соҳада амалга оширилаётган изчил ислоҳотларда фаол иштирок этди. Ўқув даргоҳининг илмий салоҳиятини юксалтириш ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар учун етук салоҳиятли кадрлар тайёрлашга улкан ҳисса қўшди. Сўнгги йиллар Академия фахрийлар кенгашининг фаол аъзоси сифатида ёш авлод таълим-тарбияси, уларнинг маънавий-ахлоқий фазилатлари ҳамда дунёқарашини шакллантириш мақсадида ўтказилган маънавий-маърифий тадбирларда иштирок этди. Устозимизнинг мазмунли умр йўли шогирдлари, айниқса униб-ўсиб келаётган ёш авлод учун чинакам ибрат мактаби бўлиб қолади.

Эминжон Эгамбердиев камтаринлик, олийжаноблик, меҳр ва мурувватга тўла эзгу амаллари билан ўзидан яхши ном қолдирди. Унинг ёрқин хотираси қалбларимизда мангу яшайди!

 

Ички ишлар вазирлиги академияси раҳбарияти,

фахрийлар кенгаши ва шахсий таркиби

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech