Ўз Ру En
×

Ҳушёрлик ҳамиша керак

Чилонзор туманидаги “Нафосат” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жорий йилнинг дастлаб уч ойи мобайнида 3 та ўғирлик жинояти содир этилган. Сўнгги пайтларда маҳалла ҳудудидаги кузатув камераларининг яроқсиз ҳолга келиб қолгани, аҳолининг ўз мол-мулкига эътиборсиз муносабатда бўлаётгани мазкур турдаги жиноятнинг кўпайиб бораётганига сабаб бўлмоқда.

Ишчи гуруҳи томонидан мавжуд муаммоларни ҳал этиш юзасидан маҳалла фаоллари, профилактика инспектори ҳамда тегишли ташкилотлар вакиллари билан учрашув ўтказилиб, зарур чора-тадбирлар белгилаб олинди. Маҳаллада содир этилаётган ўғирликларнинг аксарияти ҳудуддаги кўп қаватли уйлар ҳиссасига тўғри келади. Фуқароларнинг огоҳлиги ва ҳушёрлигини ошириш мақсадида уй бошлиқлари томонидан тарғибот-ташвиқот олиб бориш зарурлиги тушунтирилди. Шунингдек, ҳуқуқбузарлик ёки жиноят содир этишга мойил, вақтинчалик ишсиз фуқаролар билан бўлган профилактик суҳбатлар ўтказилиб, уларнинг фойдали машғулотлар билан бандлигини таъминлаш чоралари кўрилди.

Туманнинг “1-Қатортол” маҳалласи криминоген вазияти мураккаб ҳудудлар тоифасига киради. Айниқса “Қатортол МЧЖ” бозорига турли юмушлар билан келган фуқаролар ўғирлик, фирибгарликдан жабр кўрганлари ҳақида ички ишлар органлари ходимларига тез-тез мурожаат қилиб туришади. Бунинг олдини олиш ва фуқаролар хавсизлигини таъминлаш мақсадида мазкур савдо мажмуаси ҳудудида кенг кўламли тушунтириш ишлари олиб борилди. Эслатма ва буклетлар тарқалитиб, ҳуқуқбузарликлар профилактикасини янада кучайтиришга қаратилган тавсиялар берилди. Маҳалла ҳудудида қўшимча кузатув камералари ўрнатиладиган бўлди. Доимий иш ўрнига эга бўлмаган шахсларни касб-ҳунарга ўргатиш бўйича аниқ вазифалар белгилаб олинди.

– “Навбаҳор” маҳалласидаги аҳвол ҳам талабга жавоб бермайди, – дейди ишчи гуруҳи вакили, майор Фарҳод Бобомуродов. – Кўп қаватли уйларда истиқомат қилаётган фуқароларнинг ўз шахсий буюмларини қаровсиз қолдиргани оқибатида ўтган уч ойда 1 та талончилик, 10 та ўғирлик,  18 та фирибгарлик жиноятлари рўй берган. Бу эса маҳалланинг криминоген ҳолатини яхшилаш бўйича профилактик ишларни кучайтиришни талаб қилади. Бу жараёнда аҳолининг ҳушёрлигини ошириш ҳам муҳим аҳамият касб этади.

Умуман, маҳаллаларни жиноятдан холи ҳудудга айлантириш борасида амалга оширилаётган амалий ҳаракатлар давом этмоқда. Аҳолининг тинч-осуда ҳаётини таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олиш пировард натижа – жамият равнақига хизмат қилиши аниқ.

ИИВ Академиясининг Ахборот хизмати

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech