Ўз Ру En
×

ВОЛЕЙБОЛ МУСОБАҚАСИ БОШЛАНДИ

Давлат хавфсизлик хизматига қарашли “Матонат” спорт мажмуасида ҳарбий олий таълим муассасалари ходимлари ўртасида ўтказилаётган волейбол мусобақасига старт берилди.

Тадбирнинг очилиш маросимида таълим муассасалари мутасаддилари, ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари, спорт фахрийлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.

Беш кун давом этадиган мусобақа тақвимига кўра, унда Ички ишлар вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати, Қуролли Кучлар, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги академиялари ҳамда Миллий гвардия Ҳарбий-техник институти ходимларидан таркиб топган бешта жамоа ғолиблик учун куч синашади.

Илк ўйин мезбон жамоа вакиллари ҳамда Қуролли Кучлар академияси спортчилари ўртасида кечди. Қизиқарли ўтган баҳс ҳарбийларнинг 2:1 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди.

Иккинчи ўйинда майдонга Ички ишлар вазирлиги академияси ва Фавқулодда вазиятлар вазирлиги академияси жамоалари таклиф этилди. Халқаро тоифадаги спорт устаси, подполковник Олим Адилов мураббийлигидаги жамоамизнинг мусобақага жиддий ҳозирлик кўргани илк дақиқалардан намоён бўлди. Аниқ тўп узатишлар, зарур пайтдаги ҳимоя ва кескин ҳужумлар эвазига дастлабки партияни ўз ҳисобимизга ёздик – 25:12. Бу натижа спортчиларимизга қўшимча руҳ бағишлади. Рақиб ҳужумларини моҳирона бартараф этган вакилларимиз кейинги партияни ҳам 25:14 ҳисобида яққол устунлик билан якунлашди. Умумий ҳисоб 2:0, ИИВ Академияси фойдасига!

Мусобақанинг қолган иштирокчилари ўртасидаги ўйинлар эртага давом эттирилади ва натижалар билан батафсил таништириб борамиз.  

 

ИИВ Академияси матбуот хизмати

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech