Ўз Ру En
×

ВАТАННИ ЧЎЛПОН КЎЗИ БИЛАН КЎРИБ, ЧЎЛПОН ЮРАГИ БИЛАН СЕВИШ КЕРАК

Ўзбекистон Республикаси ИИВ академияси жамоаси Чўлпон меросини янги тафаккур асосида тадқиқ этиш ва ўрганишга киришди. Бу борада белгиланган “йўл харитаси”га мувофиқ, дастлаб Чўлпон ҳаёти ва ижодини ўрганиш учун Андижон ва Наманган вилоятларига академия олимларидан иборат илмий экспедиция уюштирилди. Унинг фаолиятига бағишланган музей ташкил этилди. Музей муассасамиз профессор-ўқитувчилари ва курсант-тингловчилари учун тадқиқот ва изланишлар масканига айланди.

Иқтидорли курсантларимиз томонидан шоир Усмон Азимнинг Чўлпон ҳаёти ва ижодига бағишланган уч манзарали “Кундузсиз кечалар” асари саҳналаштирилди. Саҳна кўринишлари асосида видеофильм ҳам яратилмоқда. Видеофильм Ички ишлар вазирлигига қарашли академик лицейларда ҳам намойиш қилинади. Онлайн тақдимот ўтказилгач, видеофильм ижтимоий тармоқлар орқали жамоатчиликка тақдим этилади.

Шунингдек, газета ва журналларда улуғ адиб ва унинг асарларини тарғиб қилувчи мақолалар мунтазам равишда чоп этилмоқда. Чўлпоннинг ибратли ҳаёт йўллари ҳақида китоб нашрга тайёрланмоқда.

Қайд этиш лозимки, академиямиз илмий кенгашида курсантларда Чўлпон ҳаёти ва ижодини ўрганишга бўлган интилишларни рағбатлантириш ҳамда уларни ватанпарварлик, Ватанга садоқат руҳида тарбиялаш самарадорлигини янада ошириш мақсадида ИИВ академиясининг Чўлпон номидаги стипендиясини жорий этиш тўғрисида қарор қабул қилинди. Бунинг учун кундузги таълим ўқув курслари курсантлари ўртасида танлов ўтказилди. Танлов натижасига кўра, 2 ва 3-ўқув курсларидан бир нафардан номзод ғолиб деб топилди ҳамда Чўлпон стипендияси гувоҳномаси академиянинг саф майдонида танлов ғолибларига тантанали равишда топширилди.

Ушбу хайрли қадам курсантларимизнинг Чўлпон каби мард, жасур, довюрак, билимли ва ватанпарвар шахс бўлиб камол топиши ҳамда Ватанни Чўлпон кўзи билан кўриб, Чўлпон юраги билан севишига хизмат қилиши шубҳасиз.

Давлатимиз мустақиллигининг 29 йиллиги арафасида академиянинг саф майдонида улуғ аждодларимизга бағишлаб ташкил этилган хиёбондаги буюк шахслар бюстлари қаторига улуғ адибимиз Чўлпоннинг ҳам кўркам бюстини тантанали равишда ўрнатдик. Зеро, саф майдонига кириб келган ҳар бир тингловчи-курсант ва офицер бу буюк алломаларнинг нафаси ва руҳини ҳис этади. Она юртимизда туғилиб камолга етган буюк зотлар, олиму уламолар, сиёсатчи ва саркардалар ўзларининг илмий ва маънавий мероси билан ҳозирги кунда ҳам башариятга хизмат қилиб келаётганлиги уларга улкан ғурур ва ифтихор бағишлайди.

 

Баҳодир Матлюбов,

Ўзбекистон Республикаси

ИИВ академияси бошлиғи,

генерал-лейтенант

 

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech